Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси қандай рангдаги спорт кийимларида ҳаракат қилиши маълум бўлди. FIFA томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон жамоаси “К” гуруҳидаги ҳар учала ўйинда ҳам оқ рангли либослардан фойдаланади.
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги ўйинларда қуйидаги кўринишда ҳаракат қилади:
17 июнь, Колумбияга қарши учрашув: Ўзбекистонлик футболчилар тўлиқ оқ либосда, дарвозабон эса тўқ сариқ рангли формада майдонга тушади. Колумбия терма жамоаси бу ўйинда тўқ кўк ва сариқ рангли кийимларда ҳаракат қилади.
23 июнь, Португалияга қарши ўйин: Ўзбекистон иккинчи турда ҳам тўлиқ оқ рангли кийимда ўйнайди, дарвозабон учун эса оч яшил либос танланган. Португалияликлар анъанавий тўқ қизил формаларида тўп суриши белгиланган.
27 июнь, Конго ДРга қарши ўйин: Гуруҳнинг сўнгги турида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси оқ рангли либослардан фойдаланади. Жамоа дарвозабони бу сафар кулранг футболкада ҳаракат қилади. Конго ДР футболчилари эса тўлиқ қизил либосда майдонга тушади.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк ўйинини Мексикада ўтказади, қолган икки учрашув эса АҚШдаги стадионларда бўлиб ўтади. “Оқ бўрилар” 18 июнь куни биринчи турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади. Жамоа иккинчи тур доирасида 23 июнь куни Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси билан ўйнайди. Мазкур беллашув АҚШдаги “Хюстон” стадионида ўтказилиши белгиланган. Гуруҳдаги сўнгги учрашув 28 июнь куни “Атланта” стадионида Конго Демократик Республикасига қарши бўлиб ўтади.








