Яқин кунларда Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун АҚШга учиб кетадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси жўнаб кетишидан аввал мухлислар учун ўзига хос хайрлашув ўйинини ўтказди. Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган ўзига хос назорат учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўзаро иккига бўлиниб куч синашди.
Дастлабки бўлим тўлиқ Ўзбекистон-1 жамоаси назорати остида ўтди. 19-дақиқадаёқ Фарруҳ Сайфиев вазиятдан унумли фойдаланиб ҳисобни очган бўлса, орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Азиз Амонов фарқни иккитага оширди. Тайм сўнгида эса Акмал Мозговой ҳисобни йириклаштирди — 3:0.
Аммо иккинчи бўлимда ўйин Ўзбекистон 2 назоратига ўтди. 46-дақиқадаёқ Қувондиқ Рўзиев гол уриб, ҳисобни қисқатирди. 57-дақиқада Достон Ҳамдамов жамоасининг иккинчи голни киритган бўлса, ўйин якунига саноқли дақиқалар қолганида Нодирбек Абдураззоқов мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди — 3:3. Учрашув якунланиб бораётган бир паллада Ўзбекистон-1 яна олдинга чиқиб олди. 90-дақиқада Ҳусайн Норчаев аниқ зарбаси билан жамоасининг 4:3 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Назорат учрашуви
Ўзбекистон-1 — Ўзбекистон-2 4:3
Голлар: 1:0 — Сайфиев (19), 2:0 — Амонов (29), 3:0 — Мозговой (45), 3:1 — Рўзиев (46), 3:2 — Ҳамдамов (57), 3:3 — Абдураззоқов (82), 4:3 — Норчаев (90).








