Яқинда Фабио Каннаваронинг бир интервьюсига кўзим тушиб қолди. Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида сўз борар экан, италиялик мураббий бир жиҳатга урғу қаратган – у шогирдларига мундиалга боришнинг ўзи катта муваффақият экани, гуруҳдаги ўйинларни бир мукофот сифатида қабул қилиб, натижа учун ортиқча босим ҳис қилмасликни тушунтираётганини, гуруҳда бир очко олиш ҳам балким катта ютуқ бўлиши мумкинлигини айтган. Келаётган жаҳон чемпионатига Ўзбекистондаги муносабат, мундиалнинг кўп йиллик орзу эканидан келиб чиққанда, Каннаваронинг вазиятга айнан шундай қараши, совуққонлиги фойдали бўлиши мумкин. Ўйлаб кўринг, шунча йил мана шу орзу оташида қовурилган, жаҳон чемпионати мухлисларимиз, раҳбарларимиз учун нима эканини кўпроқ ҳис қиладиган бирор маҳаллий мутахассис билан борсак – футболчилардан ҳам ортиқ ҳаяжон остидаги мураббий билан янада босим остида қолмасмидик? Шу томондан олиб қараганда, чет эллик мураббий, хусусан Фабио Каннаваро вазиятимиз учун анча мос, зеро у бундай мусобақаларда нимага урғу бериш керак, қандай ўйнаш керак, бўш вақтларни қандай сарфлаш керак, журналистлар билан қандай гаплашиш керак, умуман жаҳон чемпионатида нима ёрдам беради-ю, нималар халақит бериши мумкин, ҳаммасини бошидан ўтказган инсон сифатида айни муддао, тўғрими?
Мотивация ҳақида. Биласизми, жамоанинг ҳарорати якуний натижага ва самарадорликка тўғридан тўғри таъсир қиладиган ўлчов ҳисобланади. Совуққонлик ва мотивация – барчаси мана шу икки кўрсаткич мувозанати атрофида айланади. Масалан, машғулотларда футболчилар максимал даражада совуққон бўлишади, шунинг учун улар айнан машғулотларда ҳеч қачон майдонда қила олмайдиган ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин. Баъзида футболчиларнинг машғулотларда ажойиб зарба ижро этганини кўрамизки, худди шуни у ўйин пайтида амалга ошира олишмайди. Агар оширса, оғзимизни каттароқ очамиз, аслида худди шундай голлар машғулотларга ўнлаб урилиши мумкинлигини билсак-да. Сабаби, совуққонлик футболчига ўз маҳоратини ишга солиши учун керак бўлган жуда керакли хислат, муҳим ўйин пайтида совуққонликни максимал даражага чиқара олиш деярли имконсиз.
Лекин ўйин пайтида футболчи машғулотларда у ҳеч қачон эга бўлмайдиган бошқа жиҳатга – мотивацияга эга бўлади. Унинг аслидан кўпроқ, тезроқ югуриши, ўзида йўқ бўлган кучни топа олиши, баъзида жисмоний имкониятларидан баландроқ ниманидир намойиш қила олиши айнан мотивацияга боғлиқ. У ҳеч қачон машғулотларда ўйиндаги каби мотивацияга эга бўлмайди.
Ўта юқори мотивация совуққонликни пасайтиради, совуққон бўлиш учун эса, мотивацияни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик керак. Ҳар иккиси ҳам зарур, мотивациясиз мураббий шогирдларини кўпроқ ҳаракат қилишга, меҳнат қилишга чоғлай олмайди, совуққонликсиз эса, керакли тактикани қуриш, футболчилар кўрсатмаларни бажариши ва керак бўлганда вазиятлардан фойдаланиши қийинлашиб кетади. Бу гўёки бир-бирига зид бўлган икки фактор доимий равишда курашади ва футболда мураббий олдида турадиган энг асосий вазифалардан бири айнан мана шу жабҳада мувозанат вужудга келтиришдир.
Энди бир қизиқ мулоҳаза, эътибор берганмисиз, қачон мотивация бош планга чиқади-ю, қачон совуққонлик жуда зарур? Эсланг, айнан мураббий мотиватор томонидан амалга оширилган ажойиб нутқ билан эришилган афсонавий ғалабалар қачон содир бўлганди? Мисол учун, “Юнайтед”нинг “Бавария” устидан ўша ғалабаси – “йигитлар, ҳозир кубок сизлардан эллик метр нарёғда турибди, лекин унга тегиниш, кўтариш учун бугун бор кучларингни сарфламай туриб, эртага яна финалга келишни ўйлаб ҳам ўтирманглар, олға”. Фергюсон биринчи бўлимдан сўнг ютқазаётган шогирдларини шундай деб майдонга бошлайди.
Ёки Рафа Бенитеснинг “Ливерпуль”и. Айтишларича, у танаффус пайтида ҳеч нарса демаган, шунчаки, кийим алмаштириш хонаси ойналарини очиб қўйган. У ердан “Ливерпуль” мухлисларининг “
You will never walk alone” қўшиғи баландроқ эшитила бошлаган. Мана бу — мотивация.
Қарангки, рақиб кучли ўйин кўрсатаётганда, ҳеч қандай тактика иш бермай, қанақадир қўшимча куч зарур бўлиб турганда, мураббийлар мотивацияни биринчи планга олиб чиқишар экан. Яъни ўша “МЮ” ҳам, ўша “Ливерпуль” ҳам аслида, ҳар томонлама “Бавария” ва “Милан”дан кучсиз ўйин кўрсатаётганди, мураббийлар ниманинг ҳисобига ўйинда бурилиш ясаш мумкинлигига ақллари етмаётганди ҳам балким.
Совуққонлик эса афсонавий ғалабаларда эсланмайди. Чунки, ўша ўйинларда кучлироқ жамоа ғалаба қозонган, ҳаммаси ўз ҳолича тугаган бўлади. Жамоа ўзидан кучсизроқ бўлган ёки тенг бўлган жамоага қарши тўғри тактика, яхши режа ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ёрдамида ғалаба қозонади. Бу ерда эса совуққонлик энг зарур факторга айланади, мураббийлар ортиқча гаплардан тийилиб, имкон қадар шогирдларига футболни, рақибни, устунлик ва камчиликларни, майдондаги вазифаларни тушунтиришга ҳаракат қилади. Футболчининг мияси айнан футбол билан тўла бўлиши муҳим.
2009 йилдаги ЕЧЛ финали олдидан, Пеп футболчиларга видео қўйиб беради. Пеп ва Тито финалгача босиб ўтган йўл ҳақида видео тайёрлашган экан. Лавҳаларда чиройли голлар, қийин ҳолатлар ва “Гладиатор” фильми мусиқаси бор эди.
“Босс жуда ҳиссиётга берилувчан эди. У узоқ вақт видеони тайёрлади ва бизни ичкарига киритмай турди. Биз фильмни кўриб йиғлаб ҳам юбордик, кейин Андре Бочелли Чемпионлар Лигаси гимнини куйлаётганда, янаям бадтар бўлди аҳволимиз. ‘Манчестер Юнайтед’ футболчилари бизга нима бўлганини тушунмай, ҳайрон бўлишганди”, деб эслайди Виктор Вальдес.
Манел Эстиарте, тарихдаги энг кучли ватерполистлардан бири, Гвардиоланинг ёрдамчиси эса, шундай дейди:
“Агар видео футболчиларнинг мотивациясини ошириш учун тайёрланган бўлса – бу жуда нотўғри қарор бўлган. Футболчилар ғалати бўлиб қолишган, агар илк 10 дақиқада Вальдес бизни қутқармаганда, учта гол ўтказиб юборардик”.
Ишонаманки, Жозе Моуриньо 2010 йилги Европа Чемпионлар Лигасида “Барселона”га қарши жавоб ўйини олдидан кўп вақтини шогирдларининг мотивациясини оширишга сарфлаган, лекин финалда, “Бавария” билан ўйинда эса, аксинча, совуққонликни ошириш, хотиржамлик ҳақида гапирган, режа асосида ҳаракат қилинса, ғалаба “Интер” қўлида эканини ишонтиришга уринган. Сабаби, “Барселона” кучли эди, уларни шунчаки, тактика билан ютиб бўлмасди, Жозе бақирган, тентаклик қилган, футболчиларни жангга, ўлимга кетаётгандек тайёрлаган, шу ўйиндан кейин бошқа ҳаёт йўқлигига ишонтирган. Финалдаги “Бавария” эса “Интер”дан кучсиз бўлган, Моуриньо шогирдлари ортиқча ҳаяжон ва босимга берилиб кетишидан қўрққан, бақирмаган, йиғламаган, ўзини совуққон тутиб, бу кайфиятни шогирдларига юқтирмоқчи бўлган. Ҳар икки ўйинда ҳам ҳал қилувчи омил мана шу ерда эди, менимча.
Айтишларича, 1950 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия худди шундай ҳолатга тушган экан. Ҳаммаси байрамона тайёрланган, Уругвайга қарши сўнгги финал учрашуви гўёки чемпионлик олдидан ўтадиган расмиятчиликка ўхшаб қолган экан. Маҳаллий матбуот тун-у кун Бразилия футболчилари қаҳрамонликлари ҳақида ёзиб, турнирнинг энг яхши ўйинчиси сифатида ким танланиши, эртасига қаерларда тадбирлар уюштириш-у, неча кун байрам қилишгача ёзиб ташлашган.
Ҳатто ўйин куни маҳаллий О Мundо газетаси Бразилия миллий жамоаси расмини бериб, тагига “Жаҳон чемпионлари” деб ёзиб ҳам қўяди. Ўшанда Уругвай сардори Обдулио Варела ўша газетадан 20 та топтиради ва ечиниш хонасига олиб келади ва “афсус, сиз ютқаздингиз” деб ҳар бир шеригига тарқатиб чиқади. Сўнг ўз хонасидаги унитазга газетани ташлаб, ҳожатини чиқаради, сувни оқизиб юборади. Шерикларига ҳам шундай қилишни айтади. Натижа маълум – ўша ўйинда дуранг ҳам қониқтирадиган Бразилия ғалабани қўлга чиқариб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрайди.
Энди ҳақли савол туғилади – Португалия, Колумбия ва Конгога қарши ўйинларда бизга совуққонлик кўпроқ ёрдам берадими ёки мотивация? Биз бу ўйинларда тўғрироқ ўйнашимиз керакми ёки кўпроқ югуришимиз? Мен ўйлайманки, терма жамоамиз бундай даражадаги рақибларга қарши бирор натижага эришиши учун шунчаки, тактика ва таркиб етарли эмаслигини, ўша кўп гапирилаётган ватан, орзу ва мақсадлар ҳақидаги баландпарвозлик ҳам керак бўлишини Каннаваро яхши билади, албатта. Чунки рақиблар кучли ва биз майдонда жонимизни беришимиз учун ҳам етарли мотивация зарур. Каннаваронинг чемпионатда биргина очко олсак ҳам катта натижа бўлиши, муҳими иштирок экани ҳақидаги гаплари кўпроқ матбуот учун, жамоа атрофидаги ортиқча кутилмаларни пасайтириш учун бўлиб, ичкарида футболчиларни умуман бошқача тарзда руҳлантираётгани ҳам эҳтимол. Зеро футболчиларимизга кучлироқ рақибларга қарши муносиб ўйнаш учун умрида ҳеч қачон эга бўлмагандек мотивация зарур, шу билан бирга, ҳужумчиларимизда вазиятлар у қадар кўп бўлмаслигини эътиборга олсак, бундан максимал даражада унумли фойдаланиш учун совуққонлик шарт.
Яъни тўпсиз қолган пайтларимизда унинг ортида югуриш учун ўта юқори мотивация, тўп билан эса самарали ўйнай олиш учун ўта юқори даражада совуққонликка эҳтиёж сезамиз.
Тасаввур қилинг, ҳал қилувчи ўйин олдидан мамлакат раҳбари етакчи футболчиларимиз билан телефонда гаплашмоқчи. Ёки қайсидир амалдор ечиниш хонасига ташриф буюриб, нимадир нутқ сўзлашни истади. Ёки масалан, ЎФА матбуот хизмати футболчиларнинг ота-онаси, фарзандлари иштирокида таъсирли видеоролик тайёрлаб, буни томоша қилиш уларга ёрдам бўлади, деб ҳисобламоқда. Мана шунақа паллаларда бу ғоялар футболчилар учун зарарлими ёки ростан ҳам самара берадими, айнан мураббийлар штаби ҳал қилиши керак.
Мана шу мувозанатни таъминлаш Каннаваронинг балким энг муҳим вазифаси. Шунинг учун олиб келдик, ахир.








