Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026-йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун бугун, 26 май куни тонгда Тошкент—Нью-Ёрк йўналиши бўйича АҚШга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар берди.
Бош мураббий Фабио Каннаваро мазкур сафарга 30 нафар футболчини олиб кетди. Бироқ мундиал бошланишидан олдин якуний таркибни қисқартириш режалаштирилган — улардан 4 нафари Тошкентга қайтади. Шунингдек, жамоанинг асосий ҳимоячиси, “Манчестер Сити” вакили Абдуқодир Ҳусанов терма жамоага Манчестердан Нью-Ёркга етиб боради.
Ўзбекистон терма жамоаси мундиал бошланишига қадар иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Дастлабки баҳс 1 июнь куни Канаданинг Эдмонтон шаҳридаги “Commonwealth Stadium”да мезбонларга қарши бўлиб ўтса, иккинчи ўйин 8 июнь куни Нью-Йоркдаги “Icahn Stadium” аренасида Нидерландияга қарши кечади.
“Оқ бўрилар” биринчи турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади. Жамоа иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси билан ўйнайди. Мазкур беллашув АҚШдаги “NRG” стадионида бўлиб ўтади. 3-тур доирасидаги Конго Демократик Республикасига қарши баҳс 3-тур учрашуви эса 28 июнь куни “Атланта” стадионида ўтказилади.
2026-йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Мусобақада 48 та терма жамоа бош соврин учун кураш олиб боради. Канада ЖЧ—2026 мусобақасининг 13 та ўйинига мезбонлик қилади. Учрашувлар Торонто ва Ванкувердаги стадионларда ўтказилади. Мексика ҳам 13 та ўйинни ўзида қабул қилади. Учрашувлар Мехико, Гвадалахара ва Монтеррей шаҳрида жойлашган стадионларида бўлади. Қолган барча ўйинларга АҚШ мезбонлик қилади.








