Daryo

Афғонистонда сўнгги икки кунда тошқин оқибатида 24 киши ҳалок бўлди (видео)

Энг кўп қурбонлар Бағлон вилоятига тўғри келмоқда. Мамлакатда уч кундан бери кучли ёмғир кузатилмоқда.

1 дақиқа ўқиш6 118 кўришлар0 изоҳ1

Афғонистонда сўнгги 48 соат ичида тинмай ёғаётган кучли ёмғир ва тошқин камида 24 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб Arab News хабар берди.

Сўнгги сутканинг ўзида тошқинлар сабабли мамлакат шимолидаги Бағлон вилоятида 15 киши, шимоли-шарқдаги Бадахшонда икки киши ва марказий Вардак вилоятида бир киши ҳалок бўлди. Бадахшонлик маҳаллий расмий эса вилоятда икки киши қурбон бўлгани, яна икки нафар фуқаро бедарак йўқолганини маълум қилди. Шунингдек, бу ерда 100 дан ортиқ турар жой бинолари бутунлай вайрон бўлган.

Афғонистоннинг катта қисмида 20 майдан бери кучли ёмғир ёғмоқда. Бу эса кўплаб вилоятларда тошқинларни келтириб чиқарди. 21 май куни ҳам мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида яна олти киши ҳалок бўлган эди.

Афғонистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Юсуф Ҳаммад 21 май куни шундай деди:

“Ўтган 24 соат ичида олти киши шаҳид бўлди, 11 нафар фуқаро эса жароҳатланди”.

Мамлакатда беқарор ва бўронли об-ҳаво март ойининг охиридан буён давом этмоқда. Ноқулай об-ҳаво сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлиб, уйларга ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказди. Апрель ойидаги тошқинлар ва ёмғирлар оқибатида бутун мамлакат бўйлаб камида 148 киши ҳалок бўлиб, 137 киши тан жароҳати олган эди.

Афғонистонда тез-тез ҳалокатли тошқинлар, кўчкилар ва бўронлар содир бўлиб туради. Бу ҳолат, айниқса, инфратузилмаси жуда заиф бўлган чекка ҳудудларда кўп кузатилади. Кўп йиллик урушлар сабабли дунёдаги энг камбағал давлатлардан бирига айланган Афғонистон иқлим ўзгариши оқибатларига энг кўп дучор бўлмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, айнан иқлим ўзгариши бундай кескин ва аномал об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар