Украина президенти Владимир Зеленский Россия урушни Чернигов-Киев йўналишида кенгайтиришнинг бешта сценарийсига эга эканини айтди. Бу ҳақда президент баёнотига таяниб “РБК-Украина” хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина эҳтимолий таҳдидни ҳисобга олиб, ушбу йўналишдаги кучларини кўпайтиради. У Олий бош қўмондонлик штаби йиғилишида Чернигов-Киев йўналишидаги разведка маълумотлари таҳлил қилинганини айтди.
“Украина албатта ўзини ҳимоя қилади ва ҳозир бизнинг вазифамиз Россиянинг Украина шимоли орқали урушни кенгайтириш бўйича бешта сценарийсидан ҳеч бири амалга ошмаслиги учун давлатимизни кучайтиришдир”, деди Зеленский.
У агар Россия ўз тажовузини кенгайтиришга қарор қилса, Украина ҳар бир эҳтимолий ҳаракатга жавоб тайёрлаётганини таъкидлади. Президент бу йўналишда Украина кучлари сони кўпайтирилишини маълум қилди.
“Украина Ташқи ишлар вазирлигига Россия томонидан урушни бундай кенгайтириш учун фойдаланилиши мумкин бўлган Беларусга нисбатан қўшимча дипломатик таъсир чораларини тайёрлашни топширдим. Украина разведка хизматлари учун ҳам тегишли махфий вазифалар мавжуд”, деди Зеленский.
18 май куни Беларусьда Россия билан ҳамкорликда ядровий ўқув машғулотлари бошланди. АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) бу машғулотлар Россиянинг Украина иттифоқчиларига куч кўрсатиш ва шу тариқа уларга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди. Бундан ташқари, Кремль шу йўл билан эътиборни фронтдаги муваффақиятсизликлардан чалғитмоқчи, дейилади муносабатда.
Зеленский бир неча кун олдин Россия ва Беларусь яна бир давлатга ҳужумга тайёрланаётганини айтганди
У Россия “Беларусни урушга тортмоқчи” эканини ва президент Александр Лукашенко билан бу борада музокара олиб бораётганини маълум қилган. У икки давлат Беларусдан туриб Украина ҳудудига ёки НАТОга аъзо мамлакатлардан бирига қарши ҳужумлар тайёрлаётганига ишонч билдирган.
“Биз Россия ва Беларусь раҳбарияти ўртасида нима муҳокама қилинаётганини яхши тушуниб турибмиз. Сўнгги пайтларда россияликлар ўз фаолиятини кучайтирди, мен Александр Лукашенко билан олиб борилаётган музокараларни назарда тутяпман. Улар Беларусни урушга янада чуқурроқ жалб қилмоқчи ва айнан Беларусь ҳудудидан Украинадаги Чернигов-Киев йўналишига ёки чегарадош НАТО мамлакатларидан бирига қарши қўшимча тажовузкор операцияларни бошлашмоқчи”, деган эди у.








