Россия “совет халқининг улуғ ватан урушидаги ғалабасини нишонлаш шарафига” 8-9 май кунлари ўт очиш тўхтатилишини эълон қилди. Украина президенти Владимир Зеленский бунга жавобан фронтда 5 майдан 6 майга ўтар кечаси “сукунат режими” амал қилишини айтди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
“Умид қиламизки, Украина томони ҳам бундан ўрнак олади”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Вақтинчалик оташкесим Москвада бўлиб ўтадиган парад олдидан ва президент Владимир Путиннинг қарорига асосан амалга оширилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги эълонидан кўп ўтмай, Зеленский ижтимоий тармоқларда шундай деб ёзди:
“Бугунги кунга қадар Россия ижтимоий тармоқларида эълон қилинаётган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш усуллари бўйича Украинага ҳеч қандай расмий мурожаат бўлмади. Бизнингча, инсон ҳаёти ҳар қандай юбилейни ‘нишонлашъдан кўра қадрлидир. Шу муносабат билан 5 майдан 6 майга ўтар кечаси соат 00:00 дан бошлаб сукунат режимини эълон қиламиз. Шу вақтгача сукунатни таъминлашга эришиш реалдир. Кўрсатилган вақтдан бошлаб кўзгу каби ҳаракат қиламиз. Агар Россия Мудофаа вазирлиги Москвада парадни Украинанинг хайрихоҳлигисиз ўтказа олмаймиз, деб ҳисоблаётган бўлса, демак Россия раҳбариятига ўз урушини якунлаш учун реал қадамлар ташлаш вақти келди”, дея қўшимча қилди Украина раҳбари.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз баёнотида Украина президентининг “9 май куни Москва парадида дронлар учириш” таҳдидига ҳам муносабат билдирди.
“Россия 9 майда парад ўтказишини эълон қилди, аммо бу парадда ҳарбий техника иштирок этмайди. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, улар узоқ йиллар давомида биринчи марта парадни ҳарбий ускуналар билан ўтказишни ўзларига раво кўролмайди. Украина дронлари ҳам ушбу парадга учиб келиши мумкин. Бу уларнинг аввалгидек кучли эмаслигини кўрсатади”, деган эди Украина президенти.
Россия агар “Киев режими ғалабанинг 81-йиллигини нишонлашни бузиш мақсадида ўзининг жиноий режаларини амалга оширишга уринса”, Украина пойтахтига оммавий ракета ҳужуми қилинишидан огоҳлантирди.








