Украина президенти Владимир Зеленский Россия “Беларусни урушга тортмоқчилиги” ва президент Александр Лукашенко билан бу борада музокара олиб бораётганини айтди. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
У икки давлат Беларусдан туриб Украина ҳудудига ёки НАТОга аъзо мамлакатлардан бирига қарши ҳужумлар тайёрлаётганига ишонч билдирди.
“Биз Россия ва Беларусь раҳбарияти ўртасида нима муҳокама қилинаётганини яхши тушуниб турибмиз. Сўнгги пайтларда россияликлар ўз фаолиятини кучайтирди, мен Александр Лукашенко билан олиб борилаётган музокараларни назарда тутяпман. Улар Беларусьни урушга янада чуқурроқ жалб қилмоқчи ва айнан Беларусь ҳудудидан Украинадаги Чернигов-Киев йўналишига ёки чегарадош НАТО мамлакатларидан бирига қарши қўшимча тажовузкор операцияларни бошлашмоқчи”, деди Зеленский.
У Украина мудофаа ва хавфсизлик кучларига жавоб режасини тайёрлашни ва Чернигов-Киев йўналиши ҳимоясини кучайтиришни топширганини айтди.
“Ҳамкорларимиз ҳам юз бераётган воқеалар ва Беларусь нимага мажбурланаётганидан хабардор. Бизда, шунингдек, Россиянинг Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига зарба бериш бўйича мақсадлари кўрсатилган ҳужжатлари ҳам бор. Уларда армия раҳбарияти ва ҳукумат амалдорлари бўлган сиёсий ҳамда ҳарбий объектлар, жумладан, Банкова кўчасидаги бинолар ҳам нишон сифатида кўрсатилган.
Улар бу режа устида узоқ вақт ишлаган ва энди, Эрондан сўнг бизни аниқлаш ва ҳаракатларимизни кузатиш учун яна фаоллашди. Худди шу нарса Украина раҳбариятининг бошқа аъзолари, разведка хизматлари ва бизнинг махсус бўлинмаларимизга ҳам алоқадор. Москвадаги баъзилар ҳалигача украинлар ҳеч қачон ўз мустақиллигидан воз кечмаслигини тушунмайди. Қандай бўлмасин, биз ўз еримиз, суверенитетимиз ва давлатимиздан воз кечмаймиз”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Россия ва Беларусь расмийлари Украина президентининг баёнотига муносабат билдирмаган. Беларусь президенти Александр Лукашенко 2024 йилда мамлакат урушга тайёр бўлиши кераклигини айтганди.
“Бизга уруш керак эмас, шунинг учун унга ҳам руҳий, ҳам стратегик жиҳатдан тайёр бўлишимиз керак. Айни вазиятнинг жиддийлигини англашга келсак, келинг, глобал конфликтни дипломатик йўл билан ҳал қилиш имконияти ҳақидаги барча иллюзиялардан воз кечайлик. Халқаро ҳуқуқ ҳам тарангликни юмшатишга қодир эмас”, деган ўшанда президент.
2022 йил бошида Лукашенко АҚШни урушга ундаётганликда айблаган, бир оздан кейин эса Ғарб “бегона қўллар” билан жанг қилишга интилаётганини айтганди. 2023 йилнинг сентябрида у Украинадаги уруш сабабли Беларусь мудофаа билан жиддий шуғулланиши кераклигини таъкидлаган. 2025 йилда эса Беларусьда Россиянинг “Орешник” ракетаси жанговар навбатчиликка қўйилган. Мазкур ракета 2024 йил ноябрь ойида илк бор Украинанинг Днепр шаҳрига учирилганди.








