Қозоғистонда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Ҳукумат ҳозирда тегишли нормани муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон маданият ва ахборот вазири ўринбосари Евгений Кочетов маълум қилди.
У тегишли тузатишлар пакети аллақачон шакллантирилганини айтди. Унга болаларнинг онлайн платформаларга киришини чекловчи нормалар киритилган.
“16 ёшгача бўлган болаларни рўйхатдан ўтиши чекланиши ҳақидаги норма. Механизмлар ҳали келишиб олинмаган, яъни биз ҳозир онгли равишда нормани қонунга киритмоқдамиз. Бу давлат органлари билан муҳокама қилинмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ҳали Парламентга келиб тушмади. Онлайн-коучлар ва психологлар фаолиятини тартибга солувчи нормалар ҳам бор. Тафсилотлар ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки ҳозир давлат органлари билан келишиш босқичидамиз. Ҳужжат ҳозирда ҳукуматда турибди. Эндиликда янги Парламент майдонида, Қурултой майдонида ушбу нормаларни муҳокама қиламиз”, деди Кочетов.
Вазир ўринбосари ижтимоий тармоқларни чеклашни “тренд” деб атади ва бундай тақиқни жорий этган биринчи давлатлардан бири Австралия бўлганини эслатди.
“Ҳозирда Европанинг бир қатор давлатлари бу борадаги қонунчиликни кўриб чиқмоқда. Адашмасам, Европанинг бешта давлати. Умуман олганда, Европарламент буни миллий қонунчиликка имплементация қилишни тавсия қилди. Шунинг учун биз бу меъёр кераклигига ишонамиз. Нафақат Қозоғистон, балки илғор давлатлар ҳам шундай фикрда экани жуда яхши”, деди Евгений Кочетов.
Амалдорнинг таъкидлашича, қонун қабул қилинса, уни амалиётда қандай тартибга солиш механизмлари кўриб чиқилади. Кочетов ҳозирда турли давлатлар ўз тажрибаси асосида чоралар қўллаётганини айтди.
“Австралия тажрибаси ўз мақсадига эриша олмади, чунки австралиялик ҳамкасблар механизми шахсий маълумотларни тақдим этмасдан ишлади. Қўпол қилиб айтганда, рўйхатдан ўтишда ҳужжатларни тасдиқлаш талаб этилмади. Юзни сканерлаш орқали ҳақиқатан ҳам бола эканини верификация қилиш тизими бўлган. Бу механизм ишламади, болалар ота-оналарнинг аккаунтларидан фойдалана бошлади. Биз қайси йўлдан боришни ҳозирча билмаймиз”, деди у.
Ижтимоий тармоқларни чеклаётган давлатлар
Австралияда 2025 йил декабрь ойида 16 ёшдан кичиклар учун кўплаб ижтимоий тармоқларга кириш чекланган. Буюк Британия ҳукумати эса 2026 йил январида болаларни интернетдан ҳимоя қилиш, жумладан, вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш чораларини кўриб чиқаётганини маълум қилган.
2026 йил февраль ойида Испания бош вазири Педро Санчез ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ниятини билдирган. Унинг айтишича, платформалар ёшни текширишнинг самарали ва реал ишлайдиган тизимларини жорий этиши шарт. Шунингдек, Германия канцлери Фридирх Мерц ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ёш чекловини жорий этиш тарафдори эканини билдирган. Унинг коалициядаги ҳамкорлари — Германия социал-демократик партияси эса 14 ёшгача бўлганлар учун тўлиқ тақиқ ва 16 ёшгача бўлганлар учун алоҳида, мослаштирилган платформалар яратишни таклиф қилган.
Норвегия ҳукумати 2026 йил охиригача ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун ёш чекловини жорий этувчи қонун лойиҳасини парламентга тақдим этишни режалаштирмоқда. Апрель ойида Туркия парламенти 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Франция ва Озарбаёнда ҳам 15 ёшгача бўлганларга шундай тақиқ жорий этилиши мумкин.








