Daryo

Қозоғистонда 16 ёшдан кичикларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин

Маданият ва ахборот вазирлиги тегишли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

1 дақиқа ўқиш7 118 кўришлар0 изоҳ0

Қозоғистонда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

Балаеванинг сўзларига кўра, Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан онлайн платформалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган. Улар 16 ёшга тўлмаган фуқароларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқлашни назарда тутади.

“Қонун лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Уларни самарали амалга ошириш учун Халқ таълими вазирлиги ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги билан биргаликда фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, зарур ҳолларда жавобгарлик чораларини белгилаш режалаштирилган”, деди вазир.

У аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилишини айтди.

“Қонунчилик даражасида онлайн платформалар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида реклама даромадларини тақсимлашни тартибга солиш, айрим товарларни реклама қилишга қўйилган тақиқни қисман бекор қилиш имконияти кўриб чиқилади”, дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

​Ижтимоий тармоқларга ёшга оид чегара ўрнатиш ташаббуси дунёнинг турли мамлакатларида амалда қўлланилмоқда. Хусусан, Австралияда 2024 йилдан бери 16 ёшгача бўлган болаларга TikTok, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланган. Бу қоидани бузганларга 50 миллион Австралия долларигача жарима солинади.

2025 йил ноябрь ойида Дания ҳукумати 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича янги қонун лойиҳасини эълон қилди. Малайзия 2026 йилдан бошлаб 16 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни режалаштирмоқда. Франция ҳам янги ўқув йилидан бошлаб 15 ёшга тўлмаганларга шундай тақиқ жорий этмоқчи.

Бундан ташқари, дунёда давлатлари болаларни онлайн зарарли контентдан ҳимоя қилиш чораларини изламоқда. Масалан, Хитойда болаларнинг видео ўйин ва смартфон вақтига чекловлар жорий этилган, Францияда эса TikTok ёшларни ўзига зарар етказишга ундаётгани бўйича текширув бошланган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар