Daryo

БМТ Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара низоларини тинч ҳал этиш резолюциясини қабул қилди

Ҳужжатда учта давлатнинг чегара муаммосини ҳал қилишдаги ютуғи келтирилган. Резолюция глобал миқёсда чегара низоларини фақат мулоқот ва қонуний йўл билан ҳал этишни илгари суради.

3 дақиқа ўқиш19 166 кўришлар0 изоҳ17

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг “Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш” резолюциясини қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб 24.kg хабар берди.

Ҳужжатга 40 дан ортиқ мамлакат ҳаммуаллифлик қилган. Резолюция Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда тақдим этилган. Ҳужжатнинг асосий мақсади минтақа давлатларининг тарихий ютуғини баҳам кўришдан иборат. Марказий Осиё давлатлари БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ чегара масаласини тинч йўл билан (мулоқот, музокаралар ва бошқа ўзаро келишилган усуллар орқали) ҳал қилди. Резолюция мамлакатлар чегара низоларига дуч келганда, уни тинч, қонуний ва мулоқотга асосланган йўл билан ҳал этишни назарда тутади.

“Марказий Осиё ютуқлари бутун халқаро ҳамжамият учун конструктив намуна, яхши қўшничилик муносабатлари модели, минтақа давлатларининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси бўлиб хизмат қилади”, дейилади резолюцияда.

ТИВнинг қўшимча қилишича, резолюциянинг қабул қилиниши Қирғизистон ва минтақа мамлакатларининг ўнлаб йиллар давомида ечим топмаган ўткир масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш қобилиятининг яна бир тасдиғи ва эътирофидир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммосининг ҳал этилиши

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг баҳсли ер масалаларига аниқлик киритди. У Қирғизистон Ғовасой’ дарёсининг оқимига тўсқинлик қилмаслик ва сувини ифлослантирмаслик мажбуриятини олганини қайд этган.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳудудида жойлашган, Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди бўлган Сўх тумани аҳолисининг чегарадан ўтиб-қайтишида янада енгиллик яратиш бўйича икки давлат ҳукуматлари ўзаро келишувга эришган. Бош вазир янги чегара чизиқларини белгилашда Ўзбекистон чегара чизиғидан 130 та хонадонни кўчириш назарда тутилаётганини айтганди.

1 378 километрга чўзилган ўзбек—қирғиз чегарасининг 85 фоизи 2017 йилгача талаш бўлиб келган ва Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бу муаммо тўлиқ ҳал қилинди. 2023 йил январь ойида Бишкекда Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ратификация ҳужжатларини алмашди.

Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара муаммоси ва Шавкат Мирзиёевнинг уни ҳал қилишдаги ўрни

Садир Жапаров 2026 йилги интервьюларидан бирида Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида йиллар мобайнида давом этган чегара можаросига тўхталиб, Ўзбекистон президенти муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнаганини айтганди.

“Саммитларда ва учрашувларда биринчи бўлиб Тожикистон раҳбарига ‘келинг, ўтириб чегара масаласини гаплашиб олайлик’ деб айтдим. Аввалига у бунга рози бўлмади. Иккинчи бор учрашганимизда эса Тожикистон томони чегара масаласини муҳокама қилишга розилик билдирди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашим керакки, бунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўрни жуда катта бўлди. У киши ‘муаммоларни ҳозир, шу ернинг ўзида ҳал қилишингиз керак, кейин имкон бўлмаслиги мумкин. Ён беришга бориш зарур’, деб маслаҳат берди. Шундан сўнг икки раҳбар бир стол атрофида ўтириб, чегара муаммосини ҳал қилдик”, дея эслаганди Қирғизистон президенти.

2025 йил 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон президентлари икки мамлакат ўртасидаги Давлат чегараси тўғрисидаги битимни имзолади. Давлатлар чегарасининг умумий узунлиги 1 минг 6,84 километрни ташкил этади, шундан 519,9 километри 2011 йилгача, 486,94 километри эса сўнгги уч йил ичида аниқланган. Ўнлаб баҳсли участкалар туфайли у ерда вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар юз бериб турганди.

2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўртасидаги олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Улар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани имзолади. Музокаралардан сўнг президентлар масофадан туриб, уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очиб берганди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар