Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга қарши уруш давом этиши, Ливандаги буфер зона эса кенгайтирилишини маълум қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Бош вазир бу баёнотни шимолий чегара ҳудудидан келган ҳукумат расмийлари билан видеомулоқотда билдирган.
“Эронга қарши кампания оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларга қарамай, тўлиқ куч билан давом этмоқда”, деган Нетаньяху.
У “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг Исроил шимолига бостириб кириш хавфи “энди мавжуд эмас”лигини қайд этган. Шунингдек, Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ”нинг танкка қарши ракеталари таҳдидини қайтариш учун буфер зонани кенгайтираётганини айтган. Нетаньяху асосий эътибор гуруҳни “парчалаш”га қаратилганини таъкидлаган.
“Биз Ливандаги вазиятни тубдан ўзгартириш учун қўлдан келганини қилишга қарор қилдик”, деган у.
Нетаньяху Суриядаги друзлар масаласига ҳам тўхталиб, Исроилнинг уларни ҳимоя қилиш мажбурияти “ўз кучида” қолишини айтди. Друзлар Сурия, Ливан, Исроил ва босиб олинган Голан (Жўлон) тепаликларида яшовчи араб тилида сўзлашувчи этник-диний озчилик ҳисобланади. Улар ўзига хос эътиқод тарзи билан шиа мазҳабини тан олади.
Сурияда тахминан ярим миллион друз яшайди ва мамлакат аҳолисининг қарийб 3 фоизини ташкил этади. Исроилдаги друзлар жамоаси эса кўп жиҳатдан яҳудий давлатига содиқ. Чунки жамоа аъзолари Исроил армиясида ҳарбий хизматни ўтайди. Исроил Марказий статистика бюроси маълумотларига кўра, Исроил ва Голан тепаликларида умумий 152 мингга яқин друз истиқомат қилади.
“Ҳизбуллоҳ”нинг урушга аралашуви
Март ойи бошида Яқин Шарқдаги вазият фонида Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятига “зудлик билан тақиқ” жорий этди. Мамлакат бош вазири Наваф Салам 2 март куни телемурожаатида гуруҳ аъзоларидан қуролларни давлатга топширишни талаб қилди.
Бу қарор Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши ракета зарбалари ва дрон ҳужумларини амалга оширганидан сўнг қабул қилинди. Гуруҳ бу ҳужумларни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши учун “қасос” сифатида изоҳлаган. Бу ҳужумлардан кейин Исроил Ливанга жавоб зарбалари бериб келмоқда, авиазарбалар оқибатида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада 16 март куни эълон қилинган қўшма баёнотда Ливандаги зўравонликлар кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Улар Ливан ва Исроилни можарони ҳал этиш учун музокаралар ўтказишга чақирди.








