Daryo

Тошкентда автомобилдан метрога қулай ўтиш имконияти яратилади

Йўлкира ҳақини масофага қараб тўлаш, аҳоли тоифалари учун имтиёзлар, кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар тизимини жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

2 дақиқа ўқиш9 081 кўришлар0 изоҳ8

Тошкент шаҳрида автотранспортдан метро тизимига қулай ўтишни таъминлаш мақсадида Park&Ride тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинди. Бу таклиф Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишганида билдирилди.

Park&Ride — автомобилни махсус автотураргоҳда қолдириб, кейин жамоат транспортида йўлни давом эттириш

тизими бўлиб, бу тизим тирбандликни камайтириш, марказдаги машиналар сонини қисқартириш, экологияни яхшилаш учун қўлланади.

Тақдимотда ҳаракат таркибларини янгилаш ва электродепо қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2027—2030 йилларда метрополитен учун талаб этиладиган ҳаракат таркибларини харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шу муносабат билан янги ҳаракат таркиблари учун электродепо қуришга зарур ер майдони ажратилади.

Шунингдек, 2027—2035 йилларда Тошкент метрополитенини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланмоқда. Унда метрополитен тармоқларини икки баробарга кенгайтириш, йўловчи ташиш ҳажмини 2,5 баробарга ошириш, экологик барқарор, энергия тежамкор ва хавфсиз транспорт тизимини яратиш, сервис сифати ва йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш вазифалари қамраб олинади.

“Тошкент шаҳрини, пойтахтимизнинг жамоат транспортини ривожлантиришда метрополитеннинг улушини яримидан кўпга чиқариб, кенгайтириб бориш бўйича топшириқ берилди”, деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Ўзбекистон24” телеканалига берган интервьюсида.

Фото: “Ўзбекистон24”

2030 йилгача метрополитен орқали кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини эса 103 километргача ошириш режалаштирилган. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5–3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.

Фото: “Ўзбекистон24”

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда метрополитендан фойдаланувчилар сони етти баробардан ортиқ ўсган:

  • 2020 йил — 38,8 млн;
  • 2021 йил — 101,8 млн;
  • 2022 йил — 136,7 млн;
  • 2023 йил — 172 млн;
  • 2024 йил — 270,3 млн;
  • 2025 йил — 286,8 млн.

Тақдимотда йўл кира ҳақини тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди. Хорижий тажриба асосида масофага қараб тўлаш, аҳоли тоифалари учун имтиёзлар, кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар тизимини жорий этиш имкониятлари ўрганилади. “Шаҳристон” метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф қилинди.
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар