Ўзбекистонда наслдор чорвани импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш юзасидан президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Таҳлилларга кўра, сўнгги 25 йилда дунё мамлакатларининг 42 фоизида қорамоллар сони 12 фоизга қисқарган. Бунинг асосий сабаблари қиммат озуқа, қурғоқчилик, экологик омиллар, юқори фоиз ставкалари ва даромад камайиши билан боғлиқ. Натижада жаҳон бозорида гўштнинг ўртача нархи рекорд даражага етган.
Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият бор. Мамлакатда 16 миллион гектар яйлов мавжуд, бироқ бу салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланилмоқда. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Янги агентлик олдига қорамоллар сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар сонини 30 миллионтага, паррандалар сонини 141 миллионтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, озуқабоп экин майдонларини эса 1,5 баробар кўпайтириш белгиланди.
Озуқа базасини кенгайтириш ва наслчиликни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан 1 тадан туман чорвачиликка ихтисослаштирилади. Ушбу туманларда пахта ва ғалла ерларининг 50 фоизига озуқабоп экинлар экишга рухсат берилади, бунинг учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Барча фермер хўжаликларига ижара ерларининг 20 сотих қисмида ортиқча бюрократиясиз енгил конструкцияли бинолар, озуқа омборлари ва силос ўралари қуришга рухсат берилади.
Йил якунига қадар камида 10 гектар ери бор 28 минг 746 та фермер хўжалиги ерида 2 миллион бош қорамол боқишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
1 июндан бошлаб тижорат банклари йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредитлар ажратади. Наслдор чорвани импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадi.
Банкларга йиллик 6 фоиз ставкада 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ресурс жойлаштирилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан жорий йилда 5,5 триллион сўмлик 1,5 мингта лойиҳани ишга тушириш, 25 мингта иш ўрни яратиш ва қорамоллар сонини 400 мингтага ошириш режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш ва наслли чорвани кўпайтириш бўйича ҳам янги дастур бошланади. 1 июндан етакчи аграр олийгоҳларда сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилади. Ҳар йили камида 1 минг мутахассис тайёрланиб, улар зарур ускуналар билан бепул таъминланади.
Хонадонларда сунъий уруғлантирилган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўмдан ҳамда эмбрионларни кўчириб ўтказилганда 700 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу мақсадлар учун қўшимча 50 миллиард сўм ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилнинг февралида ўтказилган йиғилишда импортга қарамликни камайтириш учун аввало чорва озуқаси масаласини тизимли ҳал этиш зарурлигини таъкидлаганди. 2026 йилда қўшимча 60 минг гектарда озуқа экинларини етиштириш, майда шохли қорамол наслини яхшилаш борасидаги ишларни ҳам давом эттириш кераклиги айтилди. 2025 йилда Мўғулистондан 100 минг бош қўй ва эчки олиб келинган бўлса, бу йил ҳам ушбу йўналишдаги импорт ҳажмини сақлаб қолиш режалаштирилган.








