Daryo

Ўзбекистонда 12 кунда болаларни транспортда хавфли тарзда ташиш билан боғлиқ 170 та қоидабузарлик аниқланди

ЙҲХХ бу ҳолатларда қарийб 4 минг нафар боланинг ҳаёти хавф остида қолганини маълум қилди. Идора ота-оналарни фарзандлари хавфсизлигига масъулият билан ёндашишга чақирди.

1 дақиқа ўқиш3 482 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонда 1–12 май кунлари ўтказилган рейдлар давомида транспортда меъёрдан ортиқ бола ташиш билан боғлиқ 170 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолатларда жами 3 872 нафар боланинг ҳаёти хавф остида қолдирилган. Идора ота-оналарни фарзандлари хавфсизлигига бефарқ бўлмасликка чақириб, болаларни қоидаларга зид равишда ташишга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаган.

Хизмат вакиллари Навоий вилоятида содир бўлган автоҳалокатни мисол сифатида эслатиб ўтган. Унда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган боғча мудираси 13 нафар тарбияланувчи ва ўзининг уч ойлик фарзандини автомобилда олиб кетаётиб ЙТҲ содир этган. Оқибатда мудира вафот этиб, 14 нафар бола шифохонага ётқизилганди.

Мавзуга доир: Навоийда 14 нафар болани олиб кетаётган Matiz ЙТҲга учради, ҳайдовчи вафот этди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида 40 нафар боғча боласи маст ҳолатдаги ҳайдовчига топширилгани аниқланган. Сирдарё вилоятида эса аввал ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс мактабгача таълим ташкилотига хизмат кўрсатиб, Damas автомобилида 23 нафар болани ташиб юргани маълум бўлган.

Наманган вилоятида ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳайдовчи 18 нафар боланинг ҳаётини хавф остида қолдирган ҳолда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётганда ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган.

ЙҲХХ болаларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги учун, аввало, ота-оналар ҳамда масъуллар жавобгар эканини эслатиб, назорат тадбирлари давом этишини маълум қилган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар