Эрон 11 май куни Европа мамлакатларини Ҳормуз бўғозига ҳарбий кемалар юборишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий баёнотига таяниб, Euronews хабар берди.
Исмоил Бақоий Европа давлатлари ўз манфаатларига зарар етказадиган ҳаракатлардан қочиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Форс кўрфазига ҳар қандай ҳарбий аралашув ёнилғи нархини оширади ва вазиятни янада мураккаблаштиради.
“Бу уруш нафақат ахлоққа тўғри келмайди, балки қонуний ҳам эмас. АҚШ ва Исроил Эронга қарши тажовузни бошлади. Европа давлатлари бу урушга аралашишда алданиб қолмаслиги керак”, деди у.
Буюк Британия ва Франция Ҳормуз бўғози бўйича мудофаа вазирлари йиғилишини ўтказади
Буюк Британия ва Франция 12 май куни мудофаа вазирлари йиғилишига мезбонлик қилади. Британия ҳукумати берган маълумотга кўра, унда Ҳормуз бўғози орқали савдо йўлларини тиклаш бўйича ҳарбий режалар муҳокама қилинади.
Бу эълон Эрон Лондон ва Парижни минтақага ҳарбий кемалар юбормаслик ҳақида огоҳлантирганидан бир неча соат ўтиб янгради. Британия мудофаа вазирлиги 10 май куни берган баёнотида мудофаа вазири Жон Ҳили ва унинг франциялик ҳамкасби Катрин Вотрен 40 дан ортиқ давлат иштирокидаги илк йиғилишга ҳамраислик қилишини билдирди.
Ушбу виртуал учрашув апрель ойида Лондонда ўтган икки кунлик йиғилишнинг давомидир. Ўшанда ҳарбий мутахассислар АҚШ ва Эрон ўртасида барқарор ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг, муҳим сув йўлида кемалар қатновини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиққанди. Бу миссияга Буюк Британия ва Франция раҳбарлик қилади.
Жон Ҳилининг сўзларига кўра, томонлар дипломатик келишувларни Ҳормуз бўғози орқали юк ташиш хавфсизлигини таъминлайдиган амалий ҳарбий режаларга айлантирмоқда. Мазкур жараёнлар Франция ва Британия Яқин Шарққа ўз ҳарбий кемаларини юборган бир пайтда юз бермоқда.
АҚШ таклифига жавоб
Эроннинг АҚШ таклифига йўллаган жавоби тафсилотлари маълум бўлди. IRNA агентлигининг хабар беришича, Теҳрон ўз жавобини Вашингтонга Покистон воситачилигида етказган.
Al Mayadeen
ва The Wall Street Journal нашрлари томонлар ўртасида ҳали ҳам жиддий тафовутлар сақланиб қолаётганини ёзмоқда.
Таъкидланишича, Эрон таклифининг асосий бандлари қуйидагилардан иборта:
- денгиздаги чекловларни юмшатиш эвазига ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатиш;
- 30 кунлик муддат ичида ядровий дастур бўйича босқичма-босқич музокаралар ўтказиш;
- юқори даражада бойитилган ураннинг бир қисмини суюлтириш ва қолган қисмини учинчи давлатга ўтказиш.
Бироқ Теҳрон ядровий инфратузилмани бутунлай йўқ қилишни рад этмоқда. Шунингдек, музокаралар муваффақиятсиз тугаса, учинчи давлатга берилган материаллар қайтарилиши бўйича кафолат талаб қилмоқда. Эрон уранни бойитишни тўхтатиб туришга рози, аммо бу муддат АҚШ талаб қилганидан қисқароқ бўлади. Бунинг эвазига санкциялар бекор қилиниши ва уруш етказган зарарлар қопланиши шарт.
Эрон “қизил чизиқлари”
Исмоил Бақоий Теҳроннинг асосий талабларини қонуний ва оқилона деб атади. Унга кўра, мамлакат қуйидагиларни талаб қилмоқда:
- музлатилган активларни қайтариш;
- АҚШнинг Эрон кемаларига нисбатан “денгиз қароқчилиги”га чек қўйиш;
- Ҳормуз бўғозида хавфсиз ҳаракатланиш кафолати.
Шунингдек, у Ливанда ўт очишни тўхтатиш Эрон учун “қизил чизиқ” эканини таъкидлади.
Трамп ва Нетаняҳу муносабати
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг жавобини қабул қилиб бўлмас деб атади ва рад этди. У Вашингтон Эроннинг бойитилган уран захираларига эга бўлишини айтди ва ядровий объектларга яқинлашилса, ҳарбий чора кўрилишидан огоҳлантирди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Эроннинг ядровий салоҳияти ва бойитилган материаллари бутунлай йўқ қилиниши кераклигини айтди. У мамлакатга қарши ҳарбий ҳаракатлар вариант ҳали ҳам борлигини таъкидлади.
Россия президенти Владимир Путиннинг Эрон уранини Россияга ўтказиш ҳақидаги таклифига жавобан, Бақоий ҳозирги босқичда асосий эътибор урушни тўхтатишга қаратилганини билдирди.
МАГАТЭ раҳбари танқид остида
Эрон ТИВ вакили МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гроссини ҳам танқид қилди. Гросси уруш ҳам Эрон ядровий дастурини тўхтата олмаганини айтиб, объектларга зудлик билан киришга рухсат сўраган эди.
Бақоий МАГАТЭ ўз техник ваколатидан чиқиб кетганини айтди. Унинг фикрича, агентлик ўз обрўсини тиклаш учун АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларини қоралаши ва бу ҳолат такрорланмаслигига ваъда бериши керак.








