АҚШ президенти Дональд Трамп дунё иқтисодиётини “бўғиб” қўйган Ҳормуз бўғозини очиш ва Эронга қарши глобал ҳаракатга қўшилиш борасида иттифоқчи давлатларга сўров юборганди. Европа давлатлари эса рад жавобини берди.
Германия: “Вашингтон биз билан маслаҳатлашмади”
Чоршанба, 18 март куни Германия қонунчиларига мурожаат қилган канцлер Фридрих Мерц Эрон ўз қўшниларига таҳдид солмаслиги кераклигига қўшилса-да, АҚШ—Исроил урушининг асосли эканига шубҳа билдирди.
“Бугунги кунгача ушбу операциянинг қандай муваффақиятга эришиши бўйича ишончли режа мавжуд эмас. Вашингтон биз билан маслаҳатлашмади ва Европа ёрдами зарурлигини айтмади. Уруш давом этар экан, биз Ҳормуз бўғозида ҳаракатланиш эркинлигини ҳарбий воситалар билан таъминлашда иштирок этмаймиз”, деди канцлер.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам канцлернинг фикрини қўллаб-қувватлади:
“Бу бизнинг урушимиз эмас, уни биз бошламадик”.
Айни пайтда Франция президенти Эммануэл Макрон “Биз бу можаронинг иштирокчиси эмасмиз”, дея муносабат билдирди.
Европа нега Трампни қўлламаяпти?
Европа етакчилари ўзлари тўлиқ тушунмайдиган ва ўз фуқаролари орасида оммабоп бўлмаган ушбу можарога тортилишдан хавфсирамоқда.
“Улар четда туришдан келадиган фойда, Украинадаги уруш ва савдо тарифлари туфайли аллақачон таранглашган трансатлантик алоқалардаги хавфлардан устунроқ эканини ҳисоб-китоб қилмоқда”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Трампнинг йил бошида Данияга тегишли Гренландияни сотиб олиш нияти ва НАТОнинг келажагига оид шубҳали қарашлари иттифоқчиларни ҳушёр торттирган. Трамп эса НАТОдаги ҳамкорлари АҚШга қўшилмай, “жуда аҳмоқона хато” қилганини таъкидламоқда.
Сиёсий босим ва халқ фикри
Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармерни Иккинчи жаҳон уруши давридаги етакчи Уинстон Черчиллга ўхшамасликда айблаб, уни кескин танқид қилди. Бироқ Стармернинг ортида жамоатчилик фикри турибди: YouGov сўровига кўра, британияликларнинг 49 фоизи урушга қарши, фақат 28 фоизи буни ёқлайди.
Бошқа мамлакатлардаги вазият
Испания бош вазири Педро Санчес ҳужумларни “ноқонуний” деб атади. Трампнинг базалардан фойдаланишга рухсат берилмаса, савдони чеклаш ҳақидаги таҳдидига жавобан вазир Мария Хосе Монтеро: “Биз ҳеч кимнинг вассали эмасмиз”, деб жавоб берди. Сўровномада испанларнинг 68 фоизи урушга қарши чиқди.
Германиянинг АRD DeutschlandТrend сўровига кўра, немисларнинг 58 фоизи урушга қарши, 25 фоизи эса уни қўллайди. Ҳатто Трамп маъмурияти билан яқин бўлган ўнг қанот “Германия учун муқобил” (AfD) партияси ҳам канцлерни қўлламоқда.
Алоҳида режа
Европа давлатлари АҚШсиз ҳаракат қилиш йўлларини изламоқда. Хусусан, Кир Стармер дунё нефтининг 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозини очиш бўйича иттифоқчилар билан алоҳида режа устида ишламоқда.
Эммануэл Макрон хавфсизлик барқарорлашгач, АҚШ иштирокисиз, Европа, Осиё (жумладан, Ҳиндистон) ва Форс кўрфази давлатларидан иборат кўнгиллилар коалициясини тузишни таклиф қилмоқда.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас иттифоқ барча кутилмаган ҳодисаларга тайёрлигини ва вазминликни сақлаб қолишини билдирди:
“Биз доимо кутилмаган нарсалар содир бўлишига тайёрмиз ва бунга хотиржам қараймиз”.








