Daryo

Эрон АҚШ блокадасига яна уч-тўрт ой бардош бера олади — разведка

Вашингтон разведкаси ҳисоботи Оқ уйнинг расмий баёнотларига зид келмоқда. Теҳрон бир неча ҳафталик бомбардимонлардан сўнг ҳам ўз ракета салоҳиятининг 70 фоизини сақлаб қолган ва стратегик захиралари эвазига қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

2 дақиқа ўқиш9 577 кўришлар0 изоҳ13

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) шу ҳафтада Трамп маъмуриятига ҳисобот тақдим этди. Унга кўра, Эрон АҚШнинг денгиз блокадасига яна уч ёки тўрт ой бардош бера олади. Шундан кейингина мамлакат оғир иқтисодий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

МРБ ҳисоботида айтилишича, Исроил ва АҚШнинг бир неча ҳафталик бомбардимонларига қарамай, Теҳрон баллистик ракета салоҳиятини сақлаб қолган. Бу маълумотлар Трамп маъмурияти баёнотларига зид келмоқда. Оқ уй Эроннинг дрон ва ракета имкониятлари деярли бутунлай йўқ қилинганини иддао қилган эди.

The Washington Post нашрининг АҚШ расмийсига таяниб ёзишича, Эрон урушдан олдинги мобил ракета учириш қурилмаларининг 75 фоизини сақлаб қолган. Ракеталар захирасининг қарийб 70 фоизи ҳали ҳам мавжуд.

Шунингдек, Эрон ўзининг ер ости ракета сақлаш омборларини қайта очишга муваффақ бўлган. Ваҳоланки, 6 май куни Трамп Овал кабинетда журналистларга шундай деган эди:

“Уларнинг ракеталари деярли йўқ қилинди. Балки 18 ёки 19 фоизи қолгандир, лекин аввалги ҳолатига қараганда бу жуда кам”.

АҚШ уруш вазири Пит Ҳегсет апрель ойи бошида “Эпик ғазаб” операцияси Эрон армиясини яксон қилгани ва уни кўп йилларга жанговар қобилиятдан маҳрум этганини айтганди. Бироқ Эрон ўзининг қўмондонлик ва назорат тизими бутун эканини ва исталган вақтда ҳужум қила олишини намойиш этмоқда.

Шу ҳафтанинг ўзида Эрон АҚШ ҳарбий кемасининг Ҳормуз бўғозидан ўтишига жавобан БААга ўндан ортиқ ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Теҳрон АҚШ ҳарбий кемасига зарба берганини ҳам айтди, бироқ Оқ уй буни рад этди.

Нефть инфратузилмаси

Трамп ўтган ҳафта Fox News каналига берган интервьюсида Эрон нефть инфратузилмаси ҳақида гапириб, уч кун ичида бу соҳада муаммолар юзага келишини айтганди. АҚШ расмийларига кўра, Эронда нефть сақлаш учун жой тугамоқда. Нефтьнинг ҳаддан ташқари тўпланиб қолиши мамлакатнинг эски энергетика инфратузилмасини издан чиқариши мумкин.

Мутахассисларнинг тахминлари турлича. Жумладан, Middle East Eye нашри таҳлилчилари Эронда бир неча ҳафталик сақлаш жойи қолганини айтмоқда. Кплер энергетика компанияси 6 май куни The New York Times’га Эрон захира сақлаш жойлари 25-30 кунга етишини билдирди. МРБ таҳлили эса узоқроқ муддатни — 90 кундан 120 кунгача вақтни кўрсатмоқда.

Стратегик бўғоз ва қўшнилар билан савдо

Ҳозирда АҚШ ҳам, Эрон ҳам Ҳормуз бўғозида блокада ўрнатган. Эрон ўз танкерларини чиқара олмаяпти, айни пайтда, Форс кўрфази давлатларининг нефть экспортига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Шунга қарамай, Эрон қўшни давлатлар билан умумий савдода Ҳормуз бўғозига мутлақо боғланиб қолмаган. Мамлакат Каспий денгизи орқали Россия, Озарбайжон, Туркманистон ва Қозоғистон билан боғланган.

Шунингдек, унинг Покистон, Афғонистон, Туркия, Ироқ ва Арманистон билан қуруқликдаги чегаралари мавжуд. Эрон озиқ-овқат каби ўта муҳим маҳсулотлар билан ўзини 80 фоизга таъминлай олади.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги янги музокаралар раунди келаси ҳафта Покистон пойтахти Исломободда ўтказилиши мумкин. Маълумотларга кўра, Вашингтон ва Теҳрон томонлари ҳозирда воситачилар билан биргаликда ўзаро англашув меморандуми устида ишламоқда.

Ушбу ҳужжатда бир ой давом этиши режалаштирилаётган музокаралар жараёнининг шартлари белгиланади. Агар келишувга эришилса, музокаралар Исломободда келаси ҳафтадаёқ қайта бошланиши мумкин.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар