Daryo

Трамп Эронга қарши узоқ муддатли блокадага тайёрланишни буюрди

АҚШ президенти Ислом Республикаси портларига юк ташишни бутунлай тўхтатиш орқали мамлакат иқтисодиётини “бўғиш”да давом этишини айтди.

2 дақиқа ўқиш3 161 кўришлар0 изоҳ1

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчиларига Эронни иқтисодий жиҳатдан узоқ вақт блокада қилишга тайёрланиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Оқ уй расмийларига таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

27 апрель куни Оқ уйда ўтказилган махфий йиғилишда Трамп Эрон портларига юк ташишни бутунлай тўхтатиш орқали мамлакат иқтисодиётини “бўғиш”да давом этишга қарор қилди. Президентнинг фикрича, қайта бомбардимон қилиш ёки урушни бутунлай тугатиш ҳозирги блокададан кўра хавфлироқдир.

Бироқ бу қарорнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Сабаби Ҳормуз бўғози ёпилиши ортидан дунёда ёнилғи нархи ошиб бормоқда. Трампнинг рейтинги ва республикачиларнинг сайловдаги имкониятлари пасаймоқда.

“Трамп Эроннинг барча ядровий ишланмаларини тўхтатишини талаб қилмоқда. Эрон томонидан таклиф қилинган уч босқичли режа Трампга маъқул келмади. У Теҳронни музокараларда самимий эмасликда айблади”, дейилади хабарда.

Трамп ўзининг Truth Social тармоғида блокада Эронни ҳалокат ёқасига итараётганини ёзди. АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, Эрон сотилмаган нефтни сақлашга жой топа олмай қийналмоқда.

Экспертлар нима дейди?

Брукинг институти эксперти Сюзан Малони вазиятни қуйидагича баҳолади:

“Эрон ҳукумати ўз халқини иқтисодий қийинчиликларга маҳкум қилишга тайёр. Улар АҚШнинг энергетик инқирозга бардоши етмайди, деб ҳисобламоқда”.

Оқ уй матбуот котиби Анна Келли эса “Эпик ғазаб” операцияси ҳарбий мақсадларига эришганини ва блокада сабабли АҚШ музокараларда устунликка эга эканини таъкидлади.

Музокаралар нега тўхтаб қолди?

Ўтган дам олиш кунлари Покистонда АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар ўтиши кутилган эди. Аммо жараён тўхтаб қолди. Эрон томони янги таклиф киритишдан олдин олий раҳнамо Можтаба Хоманаий билан маслаҳатлашиб олиш учун вақт сўрагани айтилмоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио вазиятни янада мураккаблаштирувчи омилни айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрондаги ашаддий консерваторлар ҳар қандай дипломатик уринишга тўсқинлик қилмоқда.

“Ҳозирча Трамп ‘келишув ҳам йўқ, уруш ҳам йўқ’ ҳолатида қолишни афзал кўрмоқда”, деб ёзди The Wall Street Journal.

Аммо Эрон бу вазиятни бузиш учун минтақадаги энергия объектларига ёки АҚШ кемаларига ҳужум қилиши мумкин деган хавотирлар мавжуд.

Трамп АҚШ делегациясининг Покистонга сафарини бекор қилди

Трамп ўтган ҳафта Эрон бўйича музокаралар учун Исломободга кетиши керак бўлган икки вакилининг сафарини бекор қилди.

Вашингтон томонидан музокараларда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер қатнашиши керак эди. Президент Эроннинг музокаралардаги позицияси сабабли ташрифни бекор қилганини айтди.

Бир оз аввал одамларим учишга шайланиб турганида уларга: “Йўқ, у ерга 18 соат учиб бормайсизлар. Барча “козир” карталар бизнинг қўлимизда. Улар бизга исталган вақтда қўнғироқ қилиши мумкин, аммо сизлар шунчаки ҳеч нарсани муҳокама қилиб ўтириш учун бошқа 18 соатлик парвозларни амалга оширмайсиз, дедим, дея Трампнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Fox News.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар