Ироқнинг “Эрбил” клуби ҳужумчиси, ўзбекистонлик Шерзод Темиров ўз иш ҳақини олишдан воз кечди ва ушбу маблағларни жамоанинг маҳаллий футболчилари фойдасига йўналтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Ироқлик журналистларнинг ёзишича, ҳозирда клубда оғир молиявий инқироз юзага келган: футболчилар тўрт ойдан буён маош олмаяпти. Шу вақтга қадар тўловлар фақат легионерларга, жумладан, Ироқ чемпионати тўпурари бўлиб турган Темировга ўз вақтида амалга ошириб келинган.
Апрель ойида ўзбекистонлик ҳужумчи навбатдаги маошини олишни рад этиб, клуб раҳбариятидан ушбу пулларни маҳаллий футболчиларнинг қарздорлигини ёпишга сарфлашни сўраган.
Темиров ўз қарорини шундай изоҳлаган: легионер сифатида у шартнома бузилган тақдирда FIFA орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олади, маҳаллий ўйинчиларда эса бундай имтиёз мавжуд эмас. Шу тариқа, ҳужумчи қийин вазиятда қолган жамоадошларини қўллаб-қувватлашга қарор қилган.
Маълумот учун, Шерзод Темиров айни пайтда 24 та гол билан Ироқ чемпионати тўпурари бўлиб турибди. Унинг жамоаси “Эрбил” эса 31-турдан сўнг 63 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 3-поғонани эгаллаб турибди.








