Daryo

Ногиронлиги бўлган болалар учун “Эрта аралашув” хизматини ташкил этиш тартиби тасдиқланди

Махсус хизмат 2026 йил 1 июнгача босқичма-босқич ишга туширилади. Лойиҳа доирасида болаларга махсус педагогик ёрдам, реабилитация хизматлари ва зарур тиббий кўмак кўрсатилади.

2 дақиқа ўқиш4 463 кўришлар0 изоҳ2

Ўзбекистонда ногиронлиги белгиланган ва ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги президентнинг 27 апрелдаги фармонига таяниб маълум қилди.

Қайд этилишича, “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан болалардаги жисмоний ва ақлий ривожланишдаги нуқсонларни эрта аниқлаш ҳамда уларни ўз вақтида комплекс ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизими жорий этилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июнгача “Эрта аралашув” хизмати босқичма-босқич ишга туширилади. Мазкур тизим доирасида ногиронлиги белгиланган ёки жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган 3 ёшгача болаларга хизмат кўрсатилади.

Уларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги махсус электрон реестрга киритилган нодавлат ташкилотлар хизмат кўрсатади. Болалар билан махсус педагоглар коррексион ва ривожлантирувчи педагогик ёрдам олиб боради, даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари эса комплекс реабилитацион машғулотлар ўтказади.

Шунингдек, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсон билан туғилган болаларни қўшимча тиббий текширувдан ўтказиш ва зарур жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Фармон билан руҳий ҳолати бузилган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам оилавий муҳитга яқин янги ижтимоий хизматлар жорий этилади. Улар мўътадил, оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик ёки деменция ташхиси қўйилган фуқароларни қамраб олади.

Хусусан, 2026 йил 1 июнгача “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати, 1 сентябргача уй шароитида қараб туриш хизмати, 1 октябргача кичик ҳажмли “Мадад” уйи хизмати, 1 ноябргача эса “Ижтимоий таътил” қисқа муддатли жойлаштириш хизмати босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, “Ижтимоий таътил” хизмати кичик ҳажмли “Мадад” уйларида ташкил этилади. У ижтимоий реестрга киритилган руҳий ҳолати бузилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг қонуний вакили билан тузиладиган шартнома асосида йилига бир марта, бироқ икки ҳафтадан ошмаган муддатга кўрсатилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ҳамда ҳомийлик комиссиялари таркибига “Инсон” марказлари ходимлари ҳам киритилади. Шу санадан бошлаб руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий этиб тайинланган шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажариши “Инсон” марказлари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни аҳолини, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда бу йўналишдаги қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишганди.

Ушбу тақдимотда ногиронлиги бўлган болалар учун махсус хизматни ишга тушириш ҳақида сўз юритилган. Асосий мақсад уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, оила муҳитига яқин шароитда комплекс хизматлар кўрсатиш ҳамда парвариш билан банд оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат экани таъкидланган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар