Daryo

Украина Яқин Шарқ давлатлари билан дрон ишлаб чиқаради

Зеленский март ойидаги сафари давомида Саудия Арабистони, Қатар ва БАА билан имзоланган мудофаа шартномалари тафсилотларини маълум қилди.

1 дақиқа ўқиш3 259 кўришлар0 изоҳ1

Украина Саудия Арабистони, Қатар ва БАА билан дронлар ишлаб чиқаришни ҳамда уларга қарши тизимлар яратишни бошлайди. Украина президенти Владимир Зеленский Яқин Шарқ давлатлари билан тегишли шартномалар тузилганини маълум қилди.

“Ушбу келишувлар Украинанинг ҳам хусусий, ҳам давлат сектори билан тузиладиган бир қатор турли контрактлар орқали амалга оширилади”, деди Зеленский.

У Украина ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга, ўқув машғулотлари ўтказишга ва турли ҳарбий техникаларни ягона тизимга бирлаштириш учун дастурий таъминот тақдим этишга тайёрлигини айтди. Бундан ташқари, гап Яқин Шарқ мамлакатлари билан биргаликда дронлар ишлаб чиқариш ҳақида ҳам бормоқда.

“Бошқа давлатлар, жумладан, АҚШ билан ҳам шундай шартномалар имзоланиши мумкин. Мен буларнинг барчасини АҚШ билан ҳам баҳам кўришимиз керак деб ҳисоблайман. Агар буни уддаласак, бундан фахрланаман, чунки АҚШ бизни қўллаб-қувватлагани учун жуда миннатдормиз”, деди у.

Март ойи охирида Владимир Зеленский Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатларига ташриф буюрди. Украина делегацияси ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида бир қатор келишувларга эришди. Саудия Арабистони, БАА ва Қатар билан 10 йилга амал қиладиган шартномалар имзоланди.

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлади. Шундан сўнг Украина экспертлари Эроннинг дрон ҳужумларини қайтаришга ёрдам бериш учун Яқин Шарққа юборилди. Март ойи ўрталарида Зеленский Яқин Шарқ мамлакатларида 201 нафар украиналик ҳарбий эксперт борлигини, яна 34 нафари эса “жойлаштиришга тайёр” эканини айтганди.

“Бизнинг жамоаларимиз аллақачон БАА, Қатар ва Саудия Арабистонига етиб борган, шунингдек, Кувайтга ҳам йўл олмоқда. Биз бошқа давлатлар билан ҳам ишлаяпмиз, келишувлар имзоланган. Биз Эрон террорининг ўз қўшниларига қарши давом этишини истамаймиз”, деган эди ўшанда Украина президенти.

Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳужумларда Эроннинг Shahed дронларидан фойдаланиб келмоқда. Яқин Шарққа юборилган украиналик экспертлар уларга қарши курашишда тажрибага эга.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар