Ҳозирда Яқин Шарқ мамлакатларида 201 нафар украиналик ҳарбий эксперт фаолият юритмоқда, яна 34 нафари эса у ерга юборилишга шай ҳолатда турибди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Буюк Британия парламентидаги чиқишида маълум қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, гап Россия Украинага ҳужумларда мунтазам қўллаётган Shahed типидаги дронлардан қандай ҳимояланишни биладиган ҳарбий мутахассислар ҳақида кетмоқда.
“Жамоаларимиз аллақачон БАА, Қатар ва Саудия Арабистонига етиб борган, шунингдек, Кувайтга йўл олган. Бошқа давлатлар билан ҳам ишлаяпмиз, келишувлар аллақачон тузилган. Биз Эроннинг қўшниларига қарши террори давом этишини истамаймиз”, деди Зеленский.
У экспертларни юбориш қарори Украина ҳамкорлари, жумладан АҚШ илтимосига биноан қабул қилинганини таʻкидлади. Зеленский иттифоқчиларни Яқин Шарқдаги уруш фонида Украинани унутмасликка чақирди. Шунингдек, Россия ва Эрон ҳамкорлиги таҳдид солаётганини таъкидлади.
“Россия ва Эрон режимлари — нафрат бўйича биродарлар, шунинг учун улар қурол бўйича ҳам иттифоқчи. Биз нафратга асосланган тузумлар ҳеч қачон ғалаба қозонмаслигига интиламиз”, деди у.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер эса Эрон билан боғлиқ уруш Украинадаги урушдан эътиборни чалғитишига йўл қўймаслигини айтди. Лондондаги музокаралар якунида Стармер ва Зеленский хавфсизлик ҳамда мудофаа соҳасида кучайтирилган ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Унга асосан мамлакатлар қўшма мудофаа саноати ва технологик экотизимни ривожлантириш устида ишлайди.
Аввалроқ Зеленский Яқин Шарқ давлатларига кўрсатилаётган ёрдам эвазига Украина пул ва техника хоҳлашини айтганди. Эрон аввалроқ Украина урушга аралашганини айтиб, уни “қонуний нишон” деб атаганди. Киев бунга жавобан Россия Украинага қарши урушда Эроннинг Shahed дронларидан кенг фойдаланаётганини эслатиб ўтган. АҚШ президенти Дональд Трамп эса Яқин Шарқдаги вазият учун Украинадан ёрдам керак эмаслигини айтган.








