Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш сулҳи уч ҳафтага узайтирилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп 23 апрель куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ уч ҳафтага узайтирилади. Яқин келажакда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Ливан президенти Жозеф Аунни қабул қилишни интиқлик билан кутмоқдаман. Ушбу тарихий учрашувда иштирок этиш мен учун катта шараф!”, деб ёзди Трамп.
Оташкесимни узайтириш олдидан Овал кабинетда учта давлат мулозимлари учрашди. Унда АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс, давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг ўзи, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби, Ливандаги элчиси Мишел Исса, Исроил ҳамда Ливаннинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
“Учрашув жуда муваффақиятли ўтди! АҚШ “Ҳизбуллоҳ”дан ўзини ҳимоя қилишда Ливанга ёрдам бериш учун у билан ҳамкорлик қилади”, деди Трамп.
14 апрель куни АҚШда Исроил ва Ливан вакиллари ўртасида 1993 йилдан бери биринчи тўғридан-тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Уларни икки давлатнинг АҚШдаги элчилари олиб борди. АҚШ музокаралар “Ҳизбуллоҳ” таъсирини камайтириш учун “тарихий имконият” эканини таъкидлади.
Ливан президенти хавфсизликни фақат армия таъминлаши кераклигини айтди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ”га қарши имкониятлар чекланганини тан олди. Исроилнинг Ливанга қарши ҳужумлари 2 март куни бошланди. Вазият Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни ўлдирилганига жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ракеталар учирганидан кейин кескинлашди.
Ливанга қилинган ҳужумларда 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1,2 миллиондан ортиқ киши уйини тарк этишга мажбур бўлди. БМТ экспертлари “тинч аҳолини мажбурий кўчириш инсониятга қарши жиноят” эканини таъкидлаган. Исроил ва Ливан 16 апрель куни ўт очишни ўн кунга тўхтатишга келишиб олганди, эндиликда бу муддат уч ҳафтага узайтирилмоқда.








