Daryo

АҚШ Испанияни НАТОдан чиқариб юбормоқчи — ОАВ

Пентагон Эронга қарши урушда ёрдам бермаган давлатларни “жазолаш чоралари”ни кўриб чиқмоқда. Испания уруш вақти АҚШ ҳарбий самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпганди.

2 дақиқа ўқиш4 021 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ Эронга қарши урушни қўллаб-қувватламагани учун Испанияни НАТОдан четлатиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Пентагоннинг ички электрон ёзишмаларига таяниб Reuters хабар берди.

Ёзишмаларда Испаниядан ташқари, Буюк Британиянинг Фолкленд оролларига бўлган даъвоси бўйича АҚШ позициясини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам кўтарилган. Ушбу чоралар баъзи иттифоқчиларнинг Эронга қарши урушда ўз базалари ва ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаётганидан норозилик сифатида тайёрланган.

Анонимлик шарти билан маълумот берган расмийнинг тушунтиришича, иттифоқчиларнинг ўз ҳаво ҳудудини АҚШ учун очиб бериши НАТОнинг “мутлақ асосий мажбурияти” ҳисобланади. Пентагон иттифоқчиларга қарши “жазо вариантлари”ни юқори даражада муҳокама қилмоқда.

Вариантлардан бири АҚШ билан ҳамкорликда “қийинчилик туғдираётган” мамлакатларни НАТОдаги муҳим ва нуфузли позициялардан четлатишни назарда тутади, деди мулозим.

Президент Дональд Трамп НАТО иттифоқчиларини 28 февралда уруш бошланиши ортидан ёпилган Ҳормуз бўғозини очишда ёрдам бермагани учун кескин танқид қилган эди. У ўшанда АҚШнинг альянсдан чиқиши эҳтимолини ҳам инкор этмаган.

Бироқ почтадаги ёзишмаларда АҚШнинг НАТОдан чиқиши ёки Европадаги базаларни ёпиши ҳақида сўз бормаган. Пентагон матбуот котиби Кингсли Уилсон хат юзасидан қуйидагича изоҳ берди:

Президент Трамп таъкидлаганидек, АҚШ НАТОдаги иттифоқчилари учун қилган барча ишларига қарамай, улар керакли вақтда ёнимизда бўлмади. Ҳарбий департамент иттифоқчиларимиз энди шунчаки “қоғоздаги йўлбарс” бўлиб қолмасдан, балки ўз вазифаларини тўлиқ бажаришини таъминлаш учун президентга ишончли чоралар вариантини тақдим этади. Бу борадаги ички муҳокамалар ҳақида изоҳ бермаймиз, деди Уилсон.

Таҳлилчиларга кўра, АҚШ—Исроилнинг Эронга қарши уруши 76 йиллик блокнинг келажагини сўроқ остида қолдирди. Британия ва Франция АҚШнинг денгиз блокадасига қўшилиш урушга кириш билан баробар эканини айтиб, фақат сулҳдан кейин ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Испания эса ўз базаларидан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланишни расман тақиқлади. АҚШнинг ушбу мамлакатда иккита стратегик базаси мавжуд. Ҳозирча Reuters НАТОда аъзо давлатни альянсдан четлатишнинг аниқ ҳуқуқий механизми бор-йўқлигини аниқлай олмади.

Шунингдек, Вашингтон Британия назоратидаги Фолкленд ороллари масаласида Аргентина (президент Ҳавер Милей — Трампнинг яқин иттифоқчиси) фойдасига ўз дипломатик позициясини ўзгартириши мумкин. Трамп Британия бош вазири Кир Стармерни урушга қўшилмагани учун бир неча бор ҳақорат қилиб, уни “Уинстон Черчилл эмас” ва “қўрқоқ” деб атаганди. У мамлакатнинг авиацияли кемаларини эса “ўйинчоқлар” деб таърифлаган. Британия АҚШ самолётларининг ўз базаларидан туриб Эронга ҳужум қилишига рухсат бермаган эди.

Трамп НАТОдаги иттифоқчиларни “яхши” ва “ёмон”га ажратди

Оқ Эронга қарши урушни қўллаб-қувватлашдан бош тортган мамлакатлар рўйхатини тузган.

“Ёмон” иттифоқчиларни жазолаш масаласига келганда, уларда аниқ ғоялар йўққа ўхшайди. Қўшинларни олиб чиқиб кетиш — вариантлардан бири, аммо бу асосан АҚШнинг ўзи учун жазо бўлади, шундай эмасми?, деди европалик амалдорлардан бири.

Politico таъкидлашича, НАТОнинг айрим давлатларидан қўшинларни олиб чиқиш қиммат ва қийин жараён ҳисобланади. Бошқа вариантлар орасида қўшма ўқув машғулотларини қисқартириш ва қурол-яроғ сотишни тўхтатиш ҳам бор.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар