Ўзбекистон аҳолисининг энг кўп қисми қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида фаолият юритади. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.
2025 йил якунига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида аҳолининг 3,13 миллион нафари меҳнат қилмоқда. Бироқ бу энг юқори улуш бўлишига қарамай, охирги 14 йил ичидаги энг паст кўрсаткич саналади. Масалан, 2011 йилда мазкур соҳада 3,22 миллион киши, 2017 йилда 3,67 миллион одам банд бўлган.
Мамлакатда ишлаб чиқариш саноатида фаолият кўрсатаётганлар 1,7 миллион, улгуржи ва чакана савдода хизмат қилаётганлар 1,5 миллион нафардан ошади.
Қурилиш соҳасида 1,45 миллион, таълимда 1,36 миллион ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Таққослаш учун, 2010 йилда қурилишда 1,03 миллион, таълимда 1,1 миллион аҳоли фаолият юритган. Ўтган 15 йил давомида қурилишда ишловчилар улуши таълимдагига қараганда тезроқ ўсган.
Аҳолининг 719,4 минг нафари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар, 637 минг нафари давлат бошқаруви ҳамда мудофаа соҳаларида ишлайди.
Ўз навбатида 584,6 минг киши ташиш ва сақлаш, 389,5 минг киши яшаш ва овқатланиш бўйича хизмат кўрсатади.
Аҳолининг 152,6 минг нафари профессионал, илмий ва техник фаолият, 114,2 минг нафари бошқариш ҳамда ёрдамчи хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.
Ахборот ва алоқа соҳасида 108,8 минг киши, молиявий ва суғурта бўйича 82,9 минг киши фаолият юритади. Яна 70,7 минг одам электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш, 67,8 минг киши кўчмас мулк савдоси, 66,9 минг киши санъат, кўнгил очиш ва дам олиш тармоқларида меҳнат қилади.
Ўз навбатида тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш билан 66,7 минг киши, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш билан 52,8 минг киши шуғулланади.
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 миллион 382 минг кишидан ошди. Шундан эркаклар 19,3 миллион, аёллар 19,1 миллион нафарни ташкил этган. Шаҳарларда 19,6 миллион киши, қишлоқларда 18,8 миллион киши яшамоқда.
Ўтган йил якунлари бўйича мамлакат аҳолисининг қарийб 20,4 миллион нафари меҳнатга лаёқатли ҳисобланади.








