Англия футболида тарихий воқеа юз берди. Фрэнк Лэмпард бошқарувидаги “Ковентри Сити” муддатидан олдин Премьер Лига йўлланмасини қўлга киритди. “Блекберн Роверс” билан қайд этилган дуранг (1:1) жамоага чемпионат якунланишига 3 тур қолганда камида 2-ўринни кафолатлади.
“Ковентри” 43 ўйинда 86 очко тўплаб, Чемпионшип турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Фрэнк Лэмпард эса ушбу муваффақияти эвазига лиганинг “мавсумдаги энг яхши мураббийи” деб топилди. Лэмпард 2024 йил ноябридан буён жамоани бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида клуб 79 та ўйин ўтказиб, 43 та ғалаба ва 16 та дурангга эришди.
Фрэнк Лэмпард ушбу ғалабани фаолиятидаги энг муҳим ютуқлардан бири деб атади:
“Мен нафақат футболчиларим, балки ўзим ва ходимларимиз билан фахрланаман. Бундан 15 ой олдин бу ерга оддий минивенда, келажаги ноаниқ ҳолатда келган эдик. Бу муваффақият мен учун ЕЧЛ ғолиблигидан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин. Ўшанда менга Дрогба ёки Терри каби юлдузлар ёрдам берган бўлса, бу ерда биз ҳамма нарсани меҳнат ва иштиёқ билан нолдан қурдик”, деди 47 ёшли мутахассис.
“Ковентри”дан кейинги 2-ўринда “Ипсвич Таун” (75 очко) бормоқда. Шунингдек, “Миллуолл” (73), “Саутгемптон” (72), “Мидлсбро” (72) ва “Ҳалл Сити” (68) каби жамоалар АПЛ йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда.
Маълумот учун, “Ковентри Сити” охирги марта 2000/01-йилги мавсумда Премьер Лигада иштирок этган эди. Орадан ўтган чорак аср (25 йил) давомида клуб ҳатто учинчи дивизионга ҳам тушиб кетишга улгурди.








