Daryo

“Манчестер Сити” бош мураббийи оғир ғалабадан сўнг нималар деди?

Энцо Мареска “Ковентри”га қарши кечган учрашув футболчилар учун жуда қимматли тажриба бўлганини таъкидлади.

3 дақиқа ўқиш5 816 кўришлар0 изоҳ0

“Манчестер Сити” Англия Премьер Лигасининг янги жамоаси “Ковентри”га қарши баҳсда “Этиҳад” стадионида тўп назорати ва ҳудудий устунликни деярли тўлиқ ўз қўлида ушлаб турди. Жамоа кўплаб вазиятлар яратиб, Эрлинг Ҳоланднинг биринчи бўлимдаги ягона голи эвазига ғалаба қозонди.

Бироқ учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Мареска шогирдлари “Ковентри”нинг босимига бардош беришига тўғри келди. Дарвозабон Жанлуижи Доннарумма иккита муҳим сейв амалга ошириб, жамоасининг устунлигини сақлаб қолди.

Бу ғалаба “Манчестер Сити” учун жорий мавсумдаги кетма-кет учинчи муваффақият бўлди ва жамоани Премьер Лига турнир жадвалининг юқори поғонасига олиб чиқди.

Сўнгги ғалабани баҳолар экан, “Манчестер Сити” бош мураббийи бундай ўйин орқали қозонилган ғалаба футболчилари учун жуда қимматли тажриба бўлганини таъкидлади.

“Ростини айтсам, ғалабадан жуда хурсанд бўлдим. Бунинг асосий сабаби шундаки, бундай ўйинларнинг ўнтадан тўққизтасида гол ўтказиб юборишингиз мумкин. Биринчи бўлимда ҳисоб 1:0 бўлди, аммо яна бир ёки иккита гол уришимиз мумкин эди. Биз уларга имконият қолдирдик. Агар ҳисоб 2:0 бўлганида, ўйин бутунлай бошқача кечарди. Учрашув охирида биргаликда қийинчиликларга бардош берганимиз яхши бўлди. Аутдан тўп киритишлар, стандарт вазиятларда ҳам ҳимояландик. Барча ғалабалар чиройли бўлавермайди. Биз учун шундай ғалабалар ҳам керак”, деди Мареска учрашувдан сўнг.

“Манчестер Сити” баҳс олдидан мажбурий ўзгаришга дуч келди. Нико ЎРайли старт таркибидан ўйин бошланишига бир неча дақиқа қолганида жароҳат сабаб чиқиб кетди.

Натижада Энцо Фернандес илк бор “шаҳрликлар” либосида майдонга тушиб, “Манчестер Сити” сафидаги дебютини асосий таркибда бошлади. У ҳафта ўртасида “Челси”дан сотиб олинган эди.

Бироқ бош мураббий О’Райлининг муаммоси жиддий эмаслигини айтди:

“Нико белида ниманидир сезди. Бу жиддий муаммога ўхшамаяпти, аммо у ўйнай олмади. Энцонинг асосий таркибда тушиши режалаштирилмаган эди, чунки у жамоага атиги икки кун олдин қўшилганди. Сўнгги уч ҳафта унинг учун қанчалик оғир ва асабий кечганини биламан. Унга маълум миқдорда ўйин вақти беришни режалаштиргандик, аммо якунда у учрашувни асосий таркибда бошлади. Менимча, Энцо жуда яхши ўйнади”.

“Манчестер Сити” бош мураббийи, шунингдек, учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган Эллиот Андерсоннинг ўз устида мунтазам ишлаши ва ўйинини яхшилашга интилиши уни хурсанд қилаётганини таъкидлади.

“Андерсоннинг ҳаракатларидан жуда таъсирландим. Фақат бугунги ўйин ҳақида гапирмаяпман. У “Кристал Пэлас”га қарши баҳсда ҳам жуда яхши ўйнади, “Борнмут”га қарши учрашувда ҳам ажойиб таассурот қолдирди. Эллиотнинг энг яхши жиҳати шуки, у ҳар куни қандай қилиб ўрганиши ва янада яхшироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлайди ва ўзини ривожлантиришни хоҳлайди. Биз унга видеолар кўрсатамиз. Тўп билан, тўпсиз ҳаракатлари ва турли жиҳатлар устида ишлаяпмиз”, дейди италиялик мутахассис.

Шунингдек, Мареска ўйин ташкил этишдаги баъзи камчиликлар ҳақида гапирар экан, клубниннг ўзбекистонлик ҳимоячиси Авдуқодир Ҳусановни ҳам тилга олди:

“Семенё тўпни эгаллаган пайтда ҳужумнинг сўнгги учлигида, яъни рақиб жарима майдонига яқинроқ жойда бўлишимиз зарур. У бир оз юқорироқ позицияда туриши керак. Унинг ортида қоладиган бўшлиқдан эса Йошко Гвардиол фойдаланиб, ҳужумга қўшилиши мумкин. Худди шу ҳолат бошқа қанотда ҳам кузатилди. Ҳусанов тўпни қабул қилганида, баъзан Семенё марказга яқин келиб олди. Аслида эса Антуан майдонни кенгайтириб, ўша ҳудудда қолиши керак. Бу эса Энцо учун бўшлиқ яратади. Лекин бу нормал ҳолат. Улар вақт ўтиши билан биз қандай футбол ўйнашни хоҳлаётганимизни тушуниб боришади. Шу сабабли ҳозир айрим вазиятлар мукаммал чиқмаётганидан хавотир олмаймиз. Бу жараённинг бир қисми”.

Маълумот учун, ушбу ғалабадан сўнг “Манчестер Сити” 9 очко билан турнир жадвалида 1-ўринни эгаллаб турибди.

Farg‘ona viloyati Bog‘dod tumanida tug‘ilganman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti Sport jurnalistikasi fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2025-yil dekabr oyidan beri sport muxbiri lavozimida ishlayman va maxsus videomateriallar, tarjima maqolalar hamda xabarlar tayyorlayman. Sevimli filmim “Forrest Gamp”. “Shamol ortidan yugurib” (Xolid Husayniy) romanini yaxshi koʻraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар