“Ковентри Сити” Фрэнк Лэмпард бошқарувида 2025/2026 йилги мавсумда Англиянинг иккинчи даражали мусобақаси — Чемпионшип ғолибига айланди.
Жамоа 44-тур доирасида “Порцмут”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба эвазига Ковентри шаҳри клуби турнир якунланишига икки тур қолганида Англия иккинчи дивизиони турнир жадвалида энг яқин таъқибчиси “Миллуол”ни 10 очкога ортда қолдирди.
Аввалги турда “Ковентри” меҳмонда “Блекберн Роверс” билан дуранг (1:1) қайд этгач, 25 йиллик танаффусдан сўнг Англия Премьер Лигасига йўлланмани қўлга киритган эди.
“Ковентри Сити” бош мураббийи Фрэнк Лэмпард Чемпионшипда мавсумнинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ кўрилди. Лэмпард 2024 йилнинг ноябрь ойидан бери “Ковентри Сити”ни бошқариб келмоқда, Унинг қўл остида клуб 80 та ўйин ўтказиб, 44 та ғалаба, 16 та дуранг ва 20 та мағлубият қайд этди.
Бунгача у “Дерби Каунти”, “Челси” ва “Эвертон” клубларида ҳам мураббий сифатида фаолият юритган.
Маълумот учун, Чемпионшип турнир жадвалида “Ковентри”дан кейинги 2-ўринда “Миллуолл” (79 очко) бормоқда. Шунингдек, “Ипсвич Таун” (76), “Саутгемптон” (76), “Мидлсбро” (73), “Врексхем” (70) ва “Ҳалл Сити” (70) каби жамоалар АПЛ йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда.
Маълумот учун, “Ковентри Сити” охирги марта 2000/01 йилги мавсумда Премьер Лигада иштирок этган эди. Клуб ўтган 25 йил давомида ҳатто учинчи дивизионга ҳам тушиб кетишга улгурди.








