Daryo

Ўзбекистон Беларусдан 4 минг гектар ер ижарага олиб, қорамол етиштиради

Лойиҳанинг биринчи босқичида минг бош қорамол етиштирилади. Икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти кенгайтирилиб, савдо ҳажми оширилади.

1 дақиқа ўқиш13 030 кўришлар0 изоҳ23

Ўзбекистон томони Беларусдан 4 минг гектар экин майдонини узоқ муддатли ижарага олиб, унинг негизида қорамолчилик лойиҳасини йўлга қўяди. Шунингдек, мамлакатдан Беларусга ҳар йили 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинади, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Қашқадарё вилояти делегациясининг Беларусга ташрифи доирасида қатор иқтисодий келишувларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон вакиллари Витебск вилоятининг Браслав, Шумилин, Постав ва бошқа ҳудудларидаги чорвачилик комплекслари ҳамда савдо объектлари фаолиятини ўрганди. Витебск вилояти ижроия қўмитаси раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ишлаб чиқариш занжирларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида “Асл Юксалиш Савдо”, “Муборак қоракўлчилик” корхоналари ҳамда Шумилин туманидаги “Сиротинский” чорвачилик фермаси вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Келишувга кўра, Беларус ҳудудида ижарага олинадиган 4 минг гектар ер майдонида йирик чорвачилик лойиҳаси амалга оширилади ва унинг биринчи босқичида минг бош қорамол етиштирилади.

Аграр лойиҳалар билан бир қаторда экспорт йўналишида ҳам муҳим келишувларга эришилди. “Асл Юксалиш Савдо” корхонаси Беларуснинг “Доброном” ЁАЖ савдо тармоғи билан шартнома имзолади. Ушбу шартномага мувофиқ, Ўзбекистондан Беларусга ҳар йили 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади.

Экспорт қилинадиган маҳсулотлар қаторидан қуруқ мевалар, дуккакли экинлар, полиз маҳсулотлари ҳамда узум ўрин олади. Бу келишув икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва озиқ-овқат таъминоти занжирларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда, томонлар гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари учун ўзаро танишув сафарларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Беларус Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Юрий Сенко билан учрашувда Минск саҳналарида Қашқадарё вилояти театри жамоасининг спектаклларини намойиш этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар