Осиё Футбол Конференцияси (ОФК) навбатдаги қитъа биринчилиги олдидан жамоаларни саватчаларга ажратиб чиқди. Бу галги тақсимотда FIFAнинг 1 апрелдаги янгиланган рейтинги асосий мезон бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингида 50-поғонани эгаллаб турибди ва шунинг эвазига 1-саватчадан жой олди. Бу эса Фабио Каннаваро жамоасининг гуруҳ босқичида қитъанинг энг кучли жамоалари — Япония, Эрон ва Жанубий Корея каби рақиблар билан тўқнаш келмаслик имконини беради.
Саватчалар таркиби:
- 1-саватча: Саудия Арабистони (мезбон), Япония, Эрон, Жанубий Корея, Австралия, Ўзбекистон.
- 2-саватча: Қатар, Ироқ, Иордания, БАА, Уммон, Сурия.
- 3-саватча: Баҳрайн, Таиланд, Хитой, Фаластин, Вьетнам, Тожикистон.
- 4-саватча: Қирғизистон, Ливан ёки Яман, КХДР, Индонезия, Kувайт, Сингапур.
Эътиборли жиҳати шундаки, аввалги йилларда ОФК саватчаларни шакллантиришда “гибрид” услубдан фойдаланар эди. Бунда ҳам FIFA рейтинги, ҳам Жаҳон чемпионати саралашидаги натижалар инобатга олинган. Масалан, ушбу қоида сабаб 2019 йилги Осиё Кубоги қуръасида Ўзбекистон 3-саватчадан 2-саватчага кўтарилган эди.
Бу сафар фақатгина FIFA рейтингига таянилгани бир қатор кутилмаган ҳолатларни келтириб чиқарди. Хусусан, Осиё Кубогининг амалдаги чемпиони Қатар 2-саватчага тушиб қолган бўлса, Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичида қатнашган Қирғизистон, Индонезия ва Kувайт каби жамоалар энг қуйи — 4-саватчадан жой олди.
Дастлаб 11 апрелга белгиланган қуръа ташлаш маросими Яқин Шарқдаги вазият ҳамда барча ҳамкорларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш мақсадида бошқа муддатга кўчирилди. Турнирда қатнашадиган 24 та жамоадан 23 таси аллақачон маълум. Сўнгги йўлланма эгаси 4 июнь куни Ливан ва Яман терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг аниқланади. Гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими эса 9 май санасига белгиланди.








