Покистон мудофаа пакти доирасида Саудия Арабистонига қирувчи самолётлар ва ҳарбий кучлар юборди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги ҳарбий учоқлар “Қирол Абдулазиз” авиабазасига етиб келганини маълум қилди.
Бу қадам қўшма мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда барқарорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган, дейилади баёнотда.
Ҳарбий ёрдам Эроннинг Саудия энергетика инфратузилмасига берган зарбалари ҳамда бир нафар Саудия фуқароси ҳалок бўлганидан сўнг юборилган. Хусусан, 6 апрель куни Эрон Жубайлдаги нефть-кимё мажмуасига ҳужум қилди. Исломобод қиролликнинг эҳтимолий жавоб зарбаси АҚШ ва Эрон музокараларига халақит беришидан хавотирланганди.
Самолётларнинг жўнатилиши Покистон пойтахтида Эронга қарши урушни тугатишга қаратилган музокаралар ўтказилаётган вақтга тўғри келди. Покистонлик аноним расмийнинг таъкидлашича, қирувчи самолётлар кимгадир ҳужум қилиш учун эмас, балки қиролликни келгуси ҳужумлардан ҳимоя қилишда Исломободнинг содиқлигини намойиш этиш учун юборилган.
Хавфсизлик бўйича ўн йиллик ҳамкорлик
Ар-Риёд ва Исломобод 2025 йил сентябрь ойида ўзаро мудофаа пактини имзолади. Унга кўра, томонлардан бирига қарши ҳар қандай тажовуз иккаласига қарши ҳужум сифатида баҳоланади. Покистон узоқ йиллардан бери Саудия Арабистони ҳарбийлари тайёргарлик ва маслаҳатлар билан ёрдам бериб келади. Қироллик эса иқтисодий қийинчилик даврида Покистонни молиявий қўллаб-қувватлашда бир неча бор иштирок этган.








