Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам Мадриднинг “Реал” клуби устозига айланиши мумкин. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар бермоқда.
Мадридликлар раҳбарияти мураббийни алмаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Сабаби Хаби Алонсонинг ўрнини эгаллаган Альваро Арбелоа ўзидан кутилган натижани бера олмади. Клуб жорий мавсумни совринсиз якунлаш арафасида турибди. Шу сабабли, 14 йиллик фаолиятдан сўнг шу ёзда “учранглилар” билан хайрлашадиган Дешам “қироллик клуби” учун энг мақбул вариант сифатида кўрилмоқда.
Дешамнинг қатъий характери ва жамоа юлдузларини жиловлай олиши Мадрид клуби мутасаддиларига маъқул тушган. Бундан ташқари, унинг Мбаппе ва Тчуамени билан терма жамоадаги кўп йиллик тажрибаси ҳам танловга катта таъсир кўрсатган.
Дешамнинг ўзи ҳам янги чорловларга тайёр, айни дамда унга Европа ва Саудия Арабистони клубларидан бир қатор таклифлар борлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, 57 ёшли мураббий 2012-йилдан бери Франция терма жамоасини бошқариб келади. У жамоа билан 2018-йилги Жаҳон чемпионлиги ва 2021-йилги Миллатлар Лигаси олтин медалларини қўлга киритган. Дидье Дешам футбол тарихида ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида жаҳон тожига эга чиққан камсонли мутахассислардан бири ҳисобланади.








