Ғазо секторига гуманитар ёрдами олиб кетаётган Сумуд флоти кемаларига халқаро сувларда қилинган қуролли ҳужум юзасидан Туркия прокуратураси умрбод қамоқ жазосини бериш ҳақида қарор чиқарди. Айбланувчилар орасида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам бор. Бу ҳақда Hurriyet хабар берди.
Истанбул Бош прокуратурасининг Терроризмга қарши кураш бўйича тергов бюроси томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида Исроил хавфсизлик кучлари Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун ташкил этилган фуқаролик кемаларига халқаро сувларда қуролли ҳужум уюштиргани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 35 нафар гумонланувчига, жумладан, Исроил ҳукуматининг бир қатор вазирларига нисбатан айблов хулосаси тайёрланди ва уларни ҳибсга олишга ордер берилди.
Геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар
Айблов хулосасида таъкидланишича, тинч аҳолига ҳужум қилиш, ҳаётий муҳим товарларни йўқ қилиш, гуманитар ёрдамга тўсқинлик қилиш ҳамда аҳолини очлик, ташналик ва тиббий ёрдам йўқлигига маҳкум этишни шунчаки “хавфсизлик чоралари” деб баҳолаб бўлмайди. Ушбу ҳаракатлар халқаро жиноий ҳуқуқ нормаларига кўра, тўғридан-тўғри геноцид ва инсониятга қарши жиноят деб таснифланган.
Ҳужжатда Туркия фуқароларининг дахлсизлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. Туркия Конституцияси ва мамлакат аъзо бўлган халқаро инсон ҳуқуқлари конвенциялари доирасида давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда тергов ўтказиш ва зарурий ҳуқуқий механизмларни ишга туширишга мажбур экани қайд этилган.
Ҳужум халқаро сувларда содир этилган
Исроил ҳарбий-денгиз кучларининг Сумуд флотилиясига қарши операцияси халқаро сувларда содир бўлгани алоҳида урғуланган:
“Ҳужум натижасида ҳибсга олинган жабрланувчилар юзасидан Бош прокуратурамиз томонидан БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси, 5271-сонли Жиноий-процессуал кодекснинг 15-моддаси ва 5237-сонли Туркия Жиноят кодексининг 12/13-моддалари асосида ўз хизмат вазифаси доирасида тергов бошланди”.
Минг йиллик қамоқ жазоси талаби
Истанбул ўнинчи Олий жиноий судига юборилган айблов хулосасида қуйидаги юқори мартабали шахслар айбланувчи сифатида келтирилган:
- Биньямин Нетаньяху — Исроил бош вазири;
- Исроил Кац — Исроил мудофаа вазири;
- Йоав Галлант — Исроил собиқ мудофаа вазири;
- Амичай Элияху — Исроил мерос вазири;
- Итамар Бен-Гвир — Исроил миллий хавфсизлик вазири;
- Эял Замир — Исроил бош штаби бошлиғи;
- Давид Саар Салама — Исроил ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони.
Гумонланувчилар инсониятга қарши жиноятлар, геноцид, озодликдан маҳрум қилиш, қийноқлар, мулкка зарар етказиш, оғирлаштирилган қароқчилик ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилиш ёки уларни олиб қочиш каби моддалар билан айбланмоқда.
Прокуратура ҳар бир гумонланувчи учун алоҳида-алоҳида оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси ҳамда 1102 йил 9 ойдан 4596 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради. Исроил томони вазиятга ҳали муносабат билдирганича йўқ.








