Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 19 январь куни берган баёнотида урушдан кейинги Ғазо секторида Туркия ва Қатар аскарлари учун жой йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, у Фаластин анклави учун АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган маслаҳат кенгаши таркибига эътироз билдирди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазодаги урушни якунлашга қаратилган 20 банддан иборат режаси доирасида Оқ уй ўтган ҳафтада бир нечта тузилмалар тузилишини эълон қилган эди. Улар қуйидагилар:
- шахсан Трамп раислик қиладиган “Тинчлик кенгаши”;
- Фаластин технократик қўмитаси;
- маслаҳат берувчи ролга эга бўлган “Ғазо ижроия кенгаши”.
Нетаньяху айнан шу “Ғазо ижроия кенгаши” таркибидан норози эканини билдириб келмоқда. Исроил ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, Ғазо сектори ҳозирда “Трамп режаси”нинг иккинчи босқичи арафасида турибди.
“Иккинчи босқич биргина оддий нарсани англатади: ҲАМАС қуролсизлантирилади ва Ғазо демилитаризация қилинади. Ғазо секторида на турк ва на қатар аскарлари бўлади”, деди Нетаньяху.
У ушбу баёноти орқали Трамп режаси доирасида тузилиши кўзда тутилган “Халқаро барқарорлаштириш кучлари”га ишора қилди. Мазкур ҳарбий контингент Ғазода хавфсизликни таъминлаш ва ҲАМАСнинг ўрнини эгаллайдиган янги полиция кучларини тайёрлаш билан шуғулланиши керак. Бироқ ушбу кучлар таркибига айнан қайси давлатлар аскарлари кириши ҳали аниқ эмас.
Трамп 16 январь куни америкалик генерали Жаспер Жефферсни Ғазодаги барқарорлаштириш кучлари раҳбари этиб тайинлаганди. Нетаньяху 19 январь куни АҚШ билан муносабатлар ҳақида тўхталиб, шундай деди:
“Ғазодаги жараёнларга ҳамроҳлик қилувчи маслаҳат кенгашининг таркиби бўйича америкалик дўстларимиз билан маълум бир келишмовчиликлар бор”.
Эътироз нимада?
Нетаньяху идораси 17 январь куни “Ғазо ижроия кенгаши” таркибига Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ва қатарлик дипломат Али ат-Тавадий, шунингдек, бошқа минтақавий ва халқаро мулозимлар киритилганига эътироз билдирди.
“Бош вазир ташқи ишлар вазирига ушбу масала бўйича АҚШ давлат котиби билан боғланишни топширди”, дейилади Исроил томони баёнотида.
Эътироз сабаблари расман очиқланмаган бўлса-да, Исроил урушдан кейинги Ғазода Туркиянинг ҳар қандай ролига кескин қарши чиқмоқда. Сабаби 2023 йил октябрь ойида уруш бошланганидан буён Исроил ва Туркия муносабатлари кескин ёмонлашган.








