Daryo

U-20 аёллар Осиё Кубоги. Ўзбекистон сўнгги турда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, тарихда илк бор чорак финалга йўл олди

Таиланд мезбонлик қилаётган турнирда Владимир Панов бошқарувидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлади.

2 дақиқа ўқиш2 913 кўришлар0 изоҳ3

Футбол бўйича Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоаси 2026 йилги Осиё Кубогида учинчи учрашувини ўтказди. Ушбу баҳсдаги йирик ҳисобда қозонилган ғалаба эвазига жамоа ўз тарихида илк бор плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Бунга қадар Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мусобақада 7 марта иштирок этиб, ҳар сафар гуруҳ босқичидаёқ ўз иштирокини якунлаган.

“Б” гуруҳидан жой олган Владимир Панов бошқарувидаги жамоа 3-турда Иорданияга қарши баҳс олиб борди. Учрашув 4:0 ҳисобида Ўзбекистон U-20 аёллар терма жамоасининг ғалабаси билан тугади.

Голларга 22-дақиқада Эътибор Шодиева, 26-дақиқада Шахноза Деканбоева, 44 ва 85-дақиқада Ойдиной Турғунова муаллифлик қилди.

Гуруҳда, шунингдек, КХДР 5:0 ҳисобида Жанубий Кореяни мағлуб этди ва 9 очко билан 1-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 1-турда Жанубий Кореяга 0:2, 2-турда эса КХДРга 0:6 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

3-тур якунларига кўра, Ўзбекистон 4 та гол уриб, ўз дарвозасидан 8 та гол ўтказиб юборган. “А” гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Вьетнам футболчилари эса 2 та гол урган ва 7 та тўп ўтказиб юборган. “C” гуруҳида учинчи бўлган Ҳиндистонда эса тўплар нисбати -9 ни ташкил этади (3 та гол урган ва дарвозасидан 12 та гол олиб чиққан).

Мусобақа регламентига кўра, гуруҳларда 3-ўринни эгаллаган жамоалар ўртасидаги кўрсаткич солиштирилганда аввал очколар сони, улар тенг келган тақдирда тўплар нисбатига эътибор қаратилади. Бунда урилган голлар устунлик тақдим этади. Шу сабаб Ўзбекистон аёллар терма жамоаси энг яхши 3-ўрин эгаси сифатида чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

2026 йилги аёллар ўртасидаги Осиё Кубогида иштирок этувчи 12 та терма жамоа 3 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришган. Гуруҳларда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткич қайд этган икки нафар учинчи ўрин соҳиби чорак финалга йўл олади.

Ушбу босқичда Ўзбекистон жамоасига “А” гуруҳида 1-ўринни эгаллаган Хитой U-20 аёллар терма жамоаси рақиблик қилади. Мазкур ўйиндаги ғалаба Владимир Панов бошқарувидаги жамоага 2027 йилги FIFA U-20 аёллар Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этади.

Маълумот учун, турнир 2026 йилда Польшада ўтказиладиган Жаҳон чемпионати учун Осиё минтақасидаги якуний саралаш босқичи вазифасини бажаради. Ярим финалга йўл олган 4 та терма жамоа ушбу мусобақа иштирокчисига айланади.

Farg‘ona viloyati Bog‘dod tumanida tug‘ilganman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti Sport jurnalistikasi fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2025-yil dekabr oyidan beri sport muxbiri lavozimida ishlayman va maxsus videomateriallar, tarjima maqolalar hamda xabarlar tayyorlayman. Sevimli filmim “Forrest Gamp”. “Shamol ortidan yugurib” (Xolid Husayniy) romanini yaxshi koʻraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар