Реал Санжик тахаллуси билан танилган Санжар Каримовга оид жиноят иши судга оширилди. Биринчи инстансия суди 10 апрель куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда суд мажлислари жадвали орқали хабар берилди.
Суд материалларига кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддалари — 112-модда 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 168-модда 4-қисми (фирибгарлик) ҳамда 273-модда 2-қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар) билан айблов қўйилган.
Суд жараёнига раислик қилувчи судья сифатида Бердиев Баҳром Бахтиёрович белгиланган. Жиноят ишида 2 киши жабрланувчи сифатида келтирилган. Мазкур жиноят иши биринчи инстансия судида кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб, суд мажлиси 15:00 га тайинланган.
Воқеалар ривожи
2024 йил август ойида Тошкентда бўлажак куёв Шаҳзод Рисматов келин томонининг ишончига кириб, уларнинг уйини гаровга қўйиш баҳонасида алдов йўли билан бошқа шахсга сотиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давомида у бошқа бир нечта фирибгарлик эпизодларида ҳам иштирок этгани аниқланган.
Суд жараёнлари давомида мазкур уй олди-сотдисида блогер Санжар Каримов (Реал Санжик) номи ҳам тилга олиниб, жабрланувчилар ва адвокатлар унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган. Суд эса ушбу ҳолатни алоҳида ўрганиш учун материалларни прокуратурага юборган ва Каримовнинг иштироки юзасидан текширув бошлангани маълум қилинган.
Орадан кўп ўтмай, 2025 йил ноябрь ойида Санжар Каримов қўлга олиниб, унга нисбатан ўлдириш билан қўрқитиш, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа ҳолатлар юзасидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланган. Кейинчалик тергов якунланиб, унга оид жиноят иши судга оширилди.








