Наманганда туман бош архитектори, Фарғонада Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда Наманган тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори маҳаллий оилавий корхона раҳбари томонидан ўз яшаш хонадонининг бир қисмида қурилган автомобиллар ювиш шохобчасининг лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ҳамда уни тасарруф этиш бўйича қўйилган тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилган. 1 апрель куни у 500 АҚШ долларини олиб, қолган қисмини тезлаштириб беришини сўраган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс 1000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланган.
Таъкидланишича, оилавий корхона раҳбари автомобиллар ювиш шохобчасини лойиҳа ҳужжатларисиз қургани юзасидан 2025-йилнинг декабрь ойида бош архитектор томонидан тузилган далолатнома асосида суд тайинлаган 43 миллион 300 минг сўм жарима тўлаган. Лекин шунга қарамай, бош архитектор унга қонуний ечим кўрсатмай, аксинча коррупцион ҳаракатларни амалга оширган.
Бу каби қонунбузилиши Фарғона вилоятида ҳам кузатилган. Қўштепа тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 1999-йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларидан бирининг сиртқи йўналишига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар билан ушланганини хабар берилганди.








