Daryo

ЖССТ Ғазодан беморларни эвакуация қилишни тўхтатди

Қарор Исроил ҳарбийларининг БМТ ходимига қарата ўт очиши ва унинг ҳалок бўлиши ортидан қабул қилинди.

1 дақиқа ўқиш3 432 кўришлар0 изоҳ2

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўзининг шартнома асосидаги ходими ҳалок бўлганидан сўнг Ғазо секторидан Мисрга беморларни тиббий эвакуация қилиш жараёнини тўхтатди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Исроил томони ўз аскарлари “бевосита таҳдидга дуч келгани” сабабли ўт очганини маълум қилди. ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус 6 апрель оқшомида X тармоғида баёнот берар экан, ташкилот Ғазода хизмат кўрсатиш учун шартнома асосида ёллаган ходимнинг ўлимини чуқур қайғу билан тасдиқлашини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, воқеа жойида бўлган яна икки нафар ходим жароҳат олмаган. ЖССТ ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритмаган бўлса-да, мазкур ҳолат тегишли идоралар томонидан суриштирилаётганини қўшимча қилди.

Исроилнинг Женевадаги миссияси X тармоғида эълон қилган постида воқеага қуйидагича изоҳ берди:

“Душанба (6 апрель) куни Ғазо жанубида Исроил мудофаа кучлари — САХАЛ аскарлари ўзларига яқинлашаётган ва бевосита хавф туғдираётган, ҳеч қандай белги қўйилмаган транспорт воситасини аниқлаган. Бунга жавобан қўшинлар огоҳлантирувчи ўқ узган”.

Хабарда айтилишича, машина аскарлар томон тезликни оширишда давом этган, шундан сўнг ҳарбийлар қўшимча ўт очган ва нишон урилгани аниқланган. Исроил томони ҳозирда воқеа қайта кўриб чиқилаётганини таъкидламоқда.

Эвакуациялар номаълум муддатга тўхтатилди

Тедрос Адҳаном Гебреесуснинг маълум қилишича, 6 апрель кунига режалаштирилган Ғазодан Рафаҳ ўтиш пункти орқали Мисрга беморларни тиббий эвакуация қилиш жараёни тўхтатиб қўйилган.

“Тиббий эвакуациялар кейинги хабарга қадар тўхтатилади. Биз тинч аҳоли ва гуманитар ходимларни ҳимоя қилишга чақирамиз”, деди ЖССТ раҳбари.

2023 йилда бошланган Исроил ҳужумларидан сўнг 2025 йилнинг 10 октябрь куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирган эди. Бироқ Исроил ва ҲАМАС бир-бирини сулҳ шартларини қайта-қайта бузишда айблаб келмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар