Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абделатти Ғазо бўйича кескин баёнот билан чиқди. Унга кўра, фаластинликларни ўз юртидан мажбуран кўчириш режаси қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.
«Кўчириш — бу халқни йўқ қилиш демак. Фаластинликларни ўз еридан ҳайдаб чиқаришнинг ҳуқуқий, ахлоқий ва маънавий асоси йўқ. Бу Миср учун қизил чизиқдир», деди у журналистларга.
У Миср раҳбариятининг сўнгги ойларда Исроилга нисбатан кескинлашган риторикасини такрорлаб, Ғазода геноцид бораётгани, фуқаролар оммавий қирилаётгани ҳамда сунъий равишда очарчилик яратилганини айтди. Исроил расмийлари Бадр Абделаттининг мазкур баёнотига изоҳ бермади.
Тель-Авив Ғазодаги ҳарбий амалиётларини «ўзини ҳимоя қилиш» чораси деб келади. Яҳудий давлати, шунингдек, ўзига қарши Халқаро судда қўзғатилган геноцид ишини «шармандали» деб атаган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идорасининг ҳисоб-китобига кўра, 2023 йилнинг 7 октябрь воқеаларидан бери 64 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Ярим миллионга яқин одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Улар яшайдиган уйлар, шунингдек, инфратузилма обекларининг катта қисми бутунлай вайрон этилган.
Исроил армияси август ўрталарида Ғазони эгаллаш учун навбатдаги йирик амалиётни бошлади. Яҳудий расмийларга кўра, ҳозирча анклав ҳудудининг қарийб 40 фоизи Исроил қўшинлари назоратида.
Ўт очишни тўхтатиш бўйича Қатар мезбонлик қилган музокаралар бир неча бор муваффақиятсизлик билан тугади. Охирги роунддан сўнг ҲАМАС ўз шартларини воситачиларга топширган. Бироқ Исроил бунга муносабат билдиргани йўқ.








