Daryo

Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ушбу давлатда бўлиб турган ўзбекистонликларни шахсий масъулиятни ошириш ва бир қатор хавфсизлик талабларига риоя этишга чақирди.

1 дақиқа ўқиш6 335 кўришлар0 изоҳ3

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда бўлиб турган ўзбекистонликларни шахсий масъулиятни ошириш ва бир қатор хавфсизлик талабларига риоя этишга чақирди.

Фуқаролардан кундалик турмушда ўзларининг соғлиқ ва ҳаётига зарар етказиши мумкин бўлган шубҳали вазиятлардан узоқда бўлиш, оммавий йиғин ва намойишларда қатнашишдан сақланиш, шунингдек, одамлар гавжум жойларда ҳушёрликни янада ошириш сўралди.

Қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар қандай шаклда бузилган, оғир ёки фавқулодда ҳолатга тушиб қолган фуқаролар зудлик билан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига 155 (полиция) ёки 156 (жандармерия) қисқа рақамлари орқали, шунингдек, Бош консулхона 24/7 ишонч телефонига мурожаат этишлари керак.

Қайд этилишича, агар ўзбекистонлик фуқаро ёки унинг яқинларини маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлга олса, озодлигини чекласа ёки айб эълон қилса, адвокат ҳимоясини талаб қилиш, яқинларга телефон орқали хабар бериш ёки Бош консулхона билан боғланишга ҳақли.

“Ҳурматли ватандошлар! Сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингиз давлат ҳимоясидадир!”, дейилади Бош консулхона хабарида.

Бош консулхона пул эвазига Туркияда бўлиш ҳужжатларини расмийлаштириш ва даромадли иш, шунингдек, АҚШ ва Европа давлатлари визаларини ваъда қилаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бундан ташқари, расмий рухсатномаси бўлмаган такси хизматларидан фойдаланмаслик (айниқса, аёл ва ёлғиз кишилар) сўралди.

28 март куни Ўзбекистонда йирик миқдорда фирибгарлик жиноятини содир этиб, халқаро қидирувда бўлган 40 ва 38 ёшли икки фуқаро Туркияда қўлга олиниб,  жавобгарликка тортилиши учун ватанга қайтарилганди. Бош консулхона Ўзбекистон фуқароларини қонунларга қатъий риоя этишга, ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлардан тийилишга чақирганди. 

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар