Россия газ нархини оширса, Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Евросиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕИИ) чиқади. Бу ҳақда Арманистон парламенти спикери Ален Симонян маълум қилди.
Спикер бундай вазият юз беришига ишонмаслигини айтди.
“Масалан, товарлар ва газ нархи билан боғлиқ бу каби гаплар янгилик эмас ва узоқ йиллардан бери айтиб келинади. Шуни таъкидлашим керакки, агар шундай қарор қабул қилинса (Арманистон учун газ нархини ошириш тўғрисида), Арманистон ўз қарорини қабул қилади ҳамда КХШТ, ЕИИ ва бошқа тузилмалардан узил-кесил чиқиб кетади.
Лекин иш бу даражага етиб бормайди деб ўйлайман, чунки икки давлат раҳбарлари ўртасида жуда яхши ва самарали суҳбат бўлиб ўтганини биламан”, деди Ален Симонян брифингда.
У Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Москвадаги учрашувини назарда тутган. Парламент спикерига кўра, бундай масалалар одатда давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ мулоқотда камдан-кам муҳокама қилинади.
“Бу музокаралар ижобий жиҳатларни ҳам ўз ичига олган <...>. Мен аввал ҳам айтганман ва яна такрорлайман: биз Россияга қарши ҳеч нарса қилмаганмиз, қилмаяпмиз ва қилиш ниятимиз ҳам йўқ. Лекин айни вақтда биз Арманистон манфаатларини ҳимоя қилмоқдамиз ва бу давом этади”, деган у.
2024 йил февраль ойида бош вазир Никол Пашинян Арманистоннинг КХШТдаги иштироки музлатилганини эълон қилганди. Май ойида эса Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ташкилот ишини молиялаштиришдан бош тортишини билдирган. 2025-йилнинг январь ойида Арманистон Ташқи разведка хизмати оммавий ҳисоботни эълон қилган. Унга кўра, мамлакат яқин келажакда КХШТда тўлақонли иштирок этишга қайтиш ниятида эмас.
Россия ва КХШТ билан муносабатлардаги келишмовчилик Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жанговар тўқнашувлардан сўнг, Ереван иттифоқчилардан ёрдам сўраб расман мурожаат қилганида юзага келди. Бироқ, Москва устун рол ўйнайдиган ташкилот фақат “хавотир” ва “таъзия” билдириш билан чекланди. Шундан сўнг Пашинян КХШТни Ереванга ёрдам кўрсатмагани учун бир неча бор танқид қилди.








