Россия Федерацияси ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (“Росселхознадзор”) 2026 йил 3 июндан бошлаб Арманистондан картошка, бақлажон, уруғли мевалар (олма, нок, беҳи) ва қуритилган мевалар импортини тақиқлади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Россия орқали ЕОИИ (Евросиё иқтисодий иттифоқи)нинг бошқа давлатларига транзит қилиниши ҳам тақиқланди. Бунга “ушбу давлатлар томонидан карантин остидаги маҳсулотлар қабул қилинганини тасдиқловчи механизмлар йўқлиги” сабаб қилиб кўрсатилди.
Чекловлар номаълум муддатга жорий этилмоқда. Улар юборилаётган товарлар хавфсизлигини таъминлашнинг тегишли алгоритми ишлаб чиқилгунга қадар амалда бўлади. “Росселхознадзор” Арманистон Иқтисодиёт вазирлиги ҳақида ҳам баёнот берди. Унда айтилишича, вазирлик “тузилмавий муаммоларга дуч келмоқда ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини назорат қилиш мажбуриятини бажара олмаяпти”.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян экспортда “адолатсиз тўсиқларга” дуч келаётган ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга ёрдам қилишга ваъда берди. У ҳукумат субсидия ва қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишини таъкидлади. Шунингдек, зарар кўрганларга янги бозорлар топишда ёрдам беришини айтди.
“Гармдори бузилмоқда, гуллар сўлимоқда. Ҳукумат бунинг учун пул тўлайди. Аммо буларнинг барчаси натижасида Арманистонда гармдори етиштириш кўпаяди ва экспорт ҳам ортади”, дея Пашинян сўзларини келтирди Арменпресс.
Бундан олдин ҳам Россия Арманистондан бир қатор товарлар импортини тақиқлаганди. Улар орасида гуллар, “Жермук” минерал суви, сабзавотлар (жумладан, бодринг, қалампир, помидор), кўкатлар, шафтоли, қулупнай ва балиқ бор.
Шунингдек, Россия Арманистон Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини давом эттирса, табиий газ, нефть маҳсулотлари ва олмосларни мамлакатга божхона тўловисиз етказиб бериш бўйича келишувни бир томонлама тўхтатиши ёки бекор қилиши мумкинлиги билан огоҳлантирган эди.
Ушбу тақиқлар Арманистонда 7 июнга белгиланган парламент сайловларига тайёргарлик кўрилаётган вақтга тўғри келди. Шунингдек, бу пайтда Ереван Ғарб давлатлари ва Европа Иттифоқи билан яқинлашмоқда.
“Россия ва унинг ЕОИИдаги иттифоқчилари Арманистондан иттифоққа аъзолик бўйича референдум ўтказишни талаб қилди. Пашинян эса буни рад этди”, дейилади хабарда.
Россия 30 май куни Еревандаги элчисини чақиртириб олганди. Бунга Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлашга уринаётгани сабаб бўлган. Москванинг билдиришича, Ереван ва Брюсселнинг яқинлашиши Арманистоннинг Россия етакчилигидаги иқтисодий блокга аъзолигига путур етказиши мумкин.








