Daryo

Фарғонада наркотиклар ортидан 5 киши 12 йилдан 15 йилгача қамалди

Уларнинг икки нафари наркокурерлар томонидан Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилиб, дала майдонига беркитиб кетилган 10 килога яқин гиёҳвандлик воситаларини олиб кетаётганида қўлга тушган. Жиноятга алоқадор бошқа шахслар ҳам ушланган.

1 дақиқа ўқиш3 050 кўришлар0 изоҳ1

Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган 5 кишига жазо тайинланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, муқаддам наркокурерлар томонидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Ёзёвон туманидаги дала майдонига беркитиб кетилган бўлган.

Фото: Тезкор тасвирдан кадр

Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983-йилда туғилган хусусий тадбиркор ҳамда унинг 1989-йилда туғилган жиноий шериги мазкур хуфия жойдан 9 килограмм 896 грамм гашиш моддасини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Тезкор тасвирдан кадр

Шунингдек, қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 миллион 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.

Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1980-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан 110 гр опий моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 миллион сўм олинган.

Фото: Тезкор тасвирдан кадр

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида эса мазкур ноқонуний ишга 1990 ва 1995-йилларда туғилган ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман судининг ҳукмига мувофиқ, ушбу 5 нафар судланувчи тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 246 (контрабанда), 273 (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 276-моддалари (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар