Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Хитойдан олиб келинган мандарин ва ананасларни истеъмол қилиш мумкинлигини маълум қилди.
Идора маълумотига кўра, мевалар инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирмайди. Қайд этилишича, халқаро савдода ҳаракатланаётган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мажбурий тартибда фитосанитария назоратидан ўтказилади. Бу дунё бўйича амалда бўлган стандарт тартиб ҳисобланади.
Айнан ушбу назорат жараёнида Хитойдан импорт қилинган мандарин ва ананасларда уч турдаги карантин зараркунандаси аниқланган. Агентликнинг таъкидлашича, аниқланган зараркунандалар фақат ўсимликларга тааллуқли бўлиб, инсон организмига ҳеч қандай зарар етказмайди.
Мутахассислар ўсимлик касалликлари ва зараркунандалари одам саломатлиги учун мутлақо хавфсиз эканини қайд этмоқда. Ушбу чоралар истеъмолчиларни эмас, балки маҳаллий экинлар, боғлар ва қишлоқ хўжалиги тизимини ҳимоя қилишга қаратилган.
Ҳозирда Хитой томони билан фитосанитария талабларига мувофиқ маҳсулотлар импортини қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Агентлик бу ҳолат вақтинчалик эканини, ваҳимага ўрин йўқлигини ва вазият қишлоқ хўжалиги хавфсизлигини таъминлаш доирасида назорат қилинаётганини билдирди.
5 февраль кунига қадар Хитой карантин хизмати томонидан мандарин ва ананас учун тақдим этилган фитосанитар сертификатлар асосидаги юкларни олиб киришга рухсат этилади. Барча юклардан тегишли тартибда намуналар олиниб, фитосанитар талабларга мувофиқлиги назоратдан ўтказилади.








