Daryo

Гонконгда энг юқори даражадаги хавф эълон қилинди: мактаблар ёпилди

Аҳолига хавфсиз жойларга яшириниш тавсия этилди. Баъзи корхоналар иш фаолияти тўхтатилди.

1 дақиқа ўқиш17 607 кўришлар0 изоҳ14

Гонконг обсерваторияси 18 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 12:55 да энг юқори — “қора” ёмғир огоҳлантириш сигналини берди. Шундан сўнг мактаблар ёпилди, баъзи корхоналар эса ишни тўхтатди. Расмийлар аҳолини хавфсиз жойларга яширинишга ва кучли сув тошқинларидан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Обсерватория сайтидаги маълумотга кўра, бир соат ичида 70 миллиметрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилган ва кучли ёмғир давом этиши мумкин. Бу 2026 йилда иккинчи марта “қора” хавф даражаси эълон қилинишидир. Биринчиси бундан бир ҳафта олдин, 8 июнь куни юз берганди.

Айни пайтда молия маркази ва Жанубий Хитойнинг катта қисми бўлган Гонконг бир неча кундан бери ёмғир остида қолмоқда. Бунга фаол жанубий-ғарбий муссон шамоллари ва паст босимли ҳаво оқимининг ҳудудда узоқ сақланиб қолгани сабаб бўлди.

Шунингдек, Гонконгда кучли шамол эсиши ҳам давом этиши мумкин. Шаҳарнинг жанубий-ғарбидаги Тай О туманида шамол тезлиги соатига қарийб 80 километрга етгани қайд этилди. Бу ноқулай об-ҳаво 19 июнь куни бошланадиган “Аждаҳо қайиқлари” фестивали арафасига тўғри келди. Бу байрам сабабли аҳоли кетма-кет уч кун дам олади ва кўпчилик саёҳатга чиқишни режалаштирган эди.

Гонконг билан чегарадош бўлган Хитойнинг Шенжен шаҳри расмийлари ҳам “қизил” ёмғир сигналини эълон қилди. Улар аҳолини пасттекисликлар, сув босган жойлар ва бошқа хавфли ҳудудлардан узоқроқ туришга чақирди. Расмийларнинг огоҳлантиришича, тоғларда сел келиши, кўчки ва бошқа табиий офатлар хавфи ортган.

Бундан олдин Гонконгда телефон ёки компьютер паролларини хавфсизлик ходимларига бермаганлар қамоққа ҳукм қилиниши ҳақида хабар берилган эди. 

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар