Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон 26 март куни Тошкентда Тожикистон элчихонасининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистон президентининг давлат ташрифи доирасида ўтказилган тантанали маросимда давлат раҳбарлари рамзий тасмани кесиб, дипломатик ваколатхонанинг янги биносини расман очди.
Етакчилар элчихона ва консуллик бўлимининг маъмурий бинолари, элчи қароргоҳи, шунингдек дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган турар жойларни ўз ичига олган мажмуани кўздан кечирди.
Маросим якунида президентлар Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб, элчихона ҳудудида дарахт экди. Қайд этилишича, ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишни яна бир бор тасдиқлади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Кўксарой қароргоҳида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистон–Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши якунлари юзасидан фикр билдирганди.
Давлат раҳбари Тожикистоннинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, инфляцияни жиловлаш ҳамда аҳоли реал даромадларини ошириш борасида эришаётган натижаларини юқори баҳолаган.








