Daryo

Ўзбекистонда Теmu фаолияти нимага тикланмаётгани маълум қилинди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Теmu вакиллари билан 6 марта учрашув ўтказилиб, қонунчиликка риоя қилсагина маркетплейс фаолияти тикланиши тушунтирилган, компания вакиллари ҳар гал талабларга рози бўлган, бироқ кейинчалик алоқани тўхтатган.

2 дақиқа ўқиш13 848 кўришлар1 изоҳ17

Ўзбекистонда Temu маркетплейси қонунчиликка риоя қилган ҳолда фаолият юритсагина тикланиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) Электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиевга таяниб, Kursiv нашри маълум қилди.

Камронбек Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Temu маркетплейсининг ҳозирги форматда ишлашидан манфаатдор эмас. Асосий сабаб — компания томонидан маҳаллий қонунчиликка, жумладан, солиқ талабларига риоя қилинмаётганидир.

“Биз компанияга қоидаларни бир неча бор тушунтирдик. Temu вакиллари агентлигимизга тахминан олти марта — вице-президент даражасида, ўз делегацияси билан келишди. Биз бошқа давлат органлари, жумладан, солиқ хизмати ва тегишли идоралар иштирокида учрашувлар ташкил қилдик. Ҳар сафар уларга бир хил маълумот етказилди: қоидалар ўзгармайди, ҳаммаси шаффоф ва очиқ. Солиқ мажбуриятлари ҳеч қаерга йўқолгани йўқ — улар тўпланиб бормоқда”, деди Муҳаммадиев.

Ҳар бир учрашувдан сўнг компания вакиллари талабларга рози бўлган, бироқ кейинчалик алоқани тўхтатган. У Ўзбекистонда блокланганидан кейин платформа фаолияти амалда чекланган.

“Харидлар ҳажми тахминан 95 фоизга камайди. Фойдаланувчиларнинг кичик бир қисми VPN орқали буюртма беришда ва халқаро карталар билан тўлов қилишда давом этмоқда. Бироқ логистика билан боғлиқ муаммолар туфайли кўплаб товарлар харидорларга етиб бормаяпти”, дея таъкидлади ИЛМА вакили.

Агентлик халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилишга тайёр, аммо фақат қонун талабларига риоя қилинган тақдирдагина. Қолаверса, йирик компаниялардан инфратузилмага инвестиция киритишлари: омборхоналар, логистика ва рақамли тизимларни ривожлантиришлари, шунингдек, хизматларни нафақат Тошкентда, балки ҳудудларда ҳам кенгайтиришлари кутилади.

“Ишлашмоқчими — марҳамат. Лекин фақат қонун доирасида. Ҳамма тенг ва белгиланган қоидаларга риоя қилишга мажбур”, дея сўзларини якунлаган ИЛМА вакили.

Ўзбекистонда Temu фаолияти

2024 йил охирида Ўзбекистонда электрон тижорат учун янги қоидалар тасдиқланди. 28 декабрдан бошлаб ўзбекистонлик фойдаланувчилар билан ишлайдиган халқаро платформалар юридик шахсни рўйхатдан ўтказиши шарт эди. Temu бу талабни бажармай келгани учун 2025 йил 20 мартдан блокланиши эълон қилинди. 18 март куни Temu маркетплейси юридик шахс — Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтди. Ўшанда солиқ қўмитаси ўтган даврлар учун маркетплейс билан муҳокама қилинадиган масалалар борлигини, Temu билан ҳозирда музокаралар олиб борилаётганини билдирганди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар