Тошкентда иситиш мавсумини якунлаш 24 мартдан бошланиши режалаштирилган бўлиб, у босқичма-босқич амалга оширилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳарида барқарор илиқ баҳор об-ҳавоси кузатилмоқда. Бир неча кундан буён ҳаво ҳарорати мўътадил даражада сақланиб турибди, бу эса марказлаштирилган иситишга бўлган эҳтиёжни изчил камайтириш имконини беради.
“Мавсумни якунлаш тўғрисидаги қарор об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда пухта ўйлаб қабул қилинди. Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида келгуси байрам кунлари иссиқлик таъминоти сақлаб қолинади. Ҳаво ҳароратининг айни дамда барқарорлашганини ҳисобга олиб, шаҳар иситиш даврини режали якунлашга ўтмоқда”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, иситиш мавсумини босқичма-босқич якунлаш турар жой биноларида ҳароратнинг кескин ўзгаришига йўл қўймайди ҳамда муҳандислик тизимларининг барқарор ишлашини таъминлайди. Мавсумни якунлашга ўтиш, шунингдек, коммунал инфратузилмага тушадиган юкламани камайтиришга ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Аҳоли байрам кунларини оила даврасида қулай ва хавфсиз ўтказиши учун шаҳар хизматлари байрам кунлари ҳам кучайтирилган тартибда ишлашни давом эттиради. Шу билан бирга, об-ҳаво шароити ва иссиқлик таъминоти тизимларининг фаолияти доимий кузатиб борилади ҳамда зарурат туғилганда тезкор чора кўриш учун шай ҳолат таъминланади.
Тошкент шаҳрида сўнгги 5 йилда иситиш мавсумининг бошланиш ва тугаш саналари:
- 2020/21: 2020 йил 17 октябрдан 2021 йил 7 апрелгача (174 кун);
- 2021/22: 2021 йил 14 октябрдан 2022 йил 1 апрелгача (170 кун);
- 2022/23: 2022 йил 24 октябрдан 2023 йил 10 мартгача (138 кун);
- 2023/24: 2023 йил 8 ноябрдан 2024 йил 26 мартгача (140 кун);
- 2024/25: 2024 йил 7 ноябрдан 2025 йил 2025 йил 18-мартагча (131 кун).








