Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи давом этаётган уруш якунланганидан сўнг, Форс кўрфази соҳилидаги давлатлар Ҳормуз бўғози учун янги протокол ишлаб чиқиши зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу чора стратегик сув йўли орқали хавфсиз ҳаракатланишни Эрон ва минтақа манфаатларига мос келадиган муайян шартлар асосида таъминлашга қаратилган.
Эрон айни пайтда глобал нефть ва суюлтирилган газ ҳажмининг бешдан бир қисми ўтадиган ушбу ҳаётий муҳим энергия дарвозасини ёпиб қўйган. Расмий Теҳрон АҚШ, Исроил ва уларнинг ҳамкорларига “бир литр ҳам нефть етиб боришига йўл қўймаслигини” маълум қилган. Бироқ “душман бўлмаган давлатлар” учун нефть транзити очилган.
Эрон парламенти спикери 17 март куни ижтимоий тармоқлар орқали баёнот бериб, Ҳормуз бўғозидаги вазият энди ҳеч қачон урушдан олдинги ҳолатига қайтмаслигини айтди.
АҚШ бўғоз орқали ўтаётган кемаларни кузатиб бориш учун ҳарбий-денгиз коалициясини тузишга уринмоқда. Бироқ НАТО давлатларининг аксарияти Эронга қарши ҳарбий операцияларда иштирок этишни истамаётганини билдирди. Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп бу аҳмоқона хато эканини айтди ва бу борада ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмаслигини қайд этди.
НАТО аъзоси бўлган Франция эса бўғоз орқали ўтиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма халқаро коалиция масаласини фақат ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилгач ва Теҳрон билан дастлабки музокаралар ўтказилгачгина кўриб чиқишини маълум қилди.
Ҳормуз нима учун муҳим?
Ҳормуз бўғози дунёдаги энг муҳим энергия “артерияси” ҳисобланади. Ҳозирда ушбу ҳудуд Эрон ва унга қўшни бўлган Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги асосий қарама-қаршилик нуқтасига айланган.
У Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган бўлиб, Форс кўрфазини Араб денгизи билан боғлайди. Кенглиги энг тор нуқтасида атиги 39 километр (21 денгиз мили). Бу ердан кунига 20 миллиондан 21 миллион баррелгача нефть ўтказилади.








